Қасам молнинг бозорини чаққон қилади, аммо баракасини кеткизади

Жамият 23 Декабрь 2016 16773

Ростгўйлик ва омонатдорлик - бу ризққа барака киришининг, турмуш обод ва фаровон бўлишининг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қиладилар: «Олди-берди қилувчи икки киши (яъни сотувчи ва харидор) то бир-бирларидан ажралмагунларича (молни олиш ёки сотиш борасида) ихтиёрга эгадирлар. Агар улар рост сўзлаб, (молнинг ҳолатини чиройли) баён қилсалар, савдоларига барака берилади. Бордию, бир-бирларини алдаб, (молнинг айбини) беркитсалар, савдоларининг баракаси ўчирилади» (Саҳиҳайн).

Демак, тадбиркор, савдогар киши ростгўйликни ўзининг шиорига айлантириб олиши керак экан. Ана шунда унинг ризқи ва касб қилиб топган нарсаларига барака ато қилинади. Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай марҳамат қилинади:

 التاجر الصدوق الأمين مع النبيين والصديقين والشهداء

«Ростгўй, омонатдор тижоратчи (жаннатда) пайғамбарлар, сиддиқлар ва шуҳадолар билан бирга бўлади» (Имом Термизий ривояти).

Бу ҳадиснинг маъноси барча олди-сотди билан шуғулланувчилар, тадбиркорлар, касб-ҳунар эгаларини қамраб олади. Дарҳақиқат, тадбиркорлар, ишбилармонлар ва тижорат аҳли кишилар билан энг кўп муомалада бўладиган тоифа ҳисобланадилар. Улар ўз муомалаларида ёлғон сўзлаш, нотўғри гувоҳлик беришдан ўзларини сақлашлари керак. Зеро, ёлғон гапириш айни гуноҳи кабирадир. 

Сотувчи молини мақтаганида, харидорнинг эса уни ёмонлаши, сўнг сотувчи молини мақтаб, қасам ичиши макруҳ саналади. Агар унинг қасами рост бўлмаса, бу иш ҳаромга айланади. Тожир гарчи сўзи рост бўлса ҳам, қасам ичишдан тийилиши афзал. Негаки, қасам ичишга одатланиб қолиш аста-секин ёлғондан қасам ичишга ҳам олиб боради. Боз устига, Аллоҳ таолонинг муқаддас номини молни ўтказиш учун бозор-ўчарларда қасамларга нишон қилишдан юқори тутишимиз керак. Баъзилар ўз молларини ҳаддан ташқари мақтаб, қасамхўрлик қилишга ўтадилар, молларини тезроқ сотиш учун ҳатто ёлғондан қасам ҳам ичадилар. Бу ишлар эҳтимол зоҳирдан ўша молнинг бозорини чаққон қилаётгандек кўринса ҳам, аммо баракаси кўтарилишига олиб келади. Устига устак, киши гуноҳ ҳам орттириб олади. Ҳадиси шарифда:

الحلف منفقة للسلعة ممحقة للبركة

«Қасам молнинг бозорини чаққон қилади, аммо баракасини кеткизади», дейилган (Имом Бухорий, Муслим ва Насоий ривоятлари).

Тожир савдода фирибгарликнинг, алдовнинг ҳар қандай кўринишидан узоқ бўлиши зарур. Бировга нарса сотаётганида алдам-қалдам аралаштирмасдан, инсоф ва ростгўйлик билан савдо қилиши лозим. Зеро, фирибгарлик, қаллоблик одамлар ўртасига низо соладиган, соғлом жамият илдизига болта урадиган балодир. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)  бундай иллатдан қайтариб:

من غش فليس منا

«Ким фирибгарлик қилса, бас, у биз (умматим)дан эмас!» деганлар (Имом Муслим, Абу Довуд, Имом Термизий, Ибн Можа ривояти). Мазкур ҳадиснинг айтилишига қуйидаги воқеа сабаб бўлади. Бир куни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бозорда бир уюм емиш («емиш» деганда масалан, хурмо, майиз, буғдой каби нарсалар ирода қилинган бўлиши мумкин) олдидан ўтиб қоладилар ва ўша егулик уюмига қўлларини тиқадилар. Лекин бармоқлари ҳўл бўлиб чиқади ва егулик эгасига қарата: «Бу нимаси бўлди, эй емиш соҳиби?!» дея, нима учун уюмнинг усти қуп-қуруғу, ичи эса ҳўллигининг сабабини суриштирдилар. Эгаси «Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), ёмғир тегибди», дея ўзини оқлашга уринди. Шунда у зот: «У ҳолда, (ўша ҳўлини) энг тепасига қўймайсанми, бошқаларга ҳам кўринар эди?!» деб савдогарга танбеҳ бердилар. Сўнг: «Ким фирибгарлик қилса, бас, у биздан эмас!» деб огоҳлантирдилар.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Кун янгиликлари
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида ҳаммага тенг шароит яратилиши керак
22:00 / 16.08.2017 6709 Ўзбекистон
Ўзбекистон делегацияси Бишкекда, хорижга чиқиш паспорти дараги, лотин ва кирилл машмашаси ҳамда куннинг бошқа хабарлари
20:40 / 16.08.2017 24225 Жаҳон
Ўзбекистон 2019 йилдан хорижга чиқиш паспортларини жорий этади
17:00 / 16.08.2017 37701 Ўзбекистон
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 38795 Lifestyle
Ахборот технологиялари вазирлигининг ҳарбий хизматчилари суғурталанади
Хорижлик сайёҳлар учун виза тартиботлари босқичма-босқич соддалаштирилади
Солиқ ва молия органлари раҳбарларига устама ҳамда жарималар миқдори тасдиқланди
«Барселона»: Биз улар билан шартнома имзолашга яқинмиз
10:56 628 Спорт
«Бир кунлик тўй ўтади-кетади...», лекин…
10:56 1020 Жамият
Бабаян Хитой ва Жанубий Кореяга қарши ўйинлар учун кенгайтирилган таркибни эълон қилди
10:52 910 Спорт
Кўпроқ янгиликлар