АҚШ давлат котиби Жон Керрининг фикрича, мамлакат ҳукуматининг Сурия можаросига сиёсий йўл билан барҳам бериш бўйича дипломатик чоралари фойда бермаган. Бу эса, уни ҳайрон қолдирмоқда, дея баёнот берган давлат департаменти расмий вакили Жон Кирби.

"Агар сиз давлат котибидан бу ҳақда сўрасангиз, у бизнинг Сурияда қаерда эканимиздан ҳайрон эканини айтади. У, бизнинг сиёсий ўтишга эришиш ҳамда сурияликларнинг овози эътиборга олинадиган, ягона, янада хавфсиз ва яхшироқ Сурияни барпо этиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларимиз иш бермаганини айтади", — деган Кирби матбуот брифингида.

Шу билан бирга, Кирбининг қайд этишича, Керри келаётган ҳафталарда ушбу йўналишдаги ҳаракатларини давом эттиради. 

АҚШнинг амалдаги маъмурияти 20 январь куни ўз ваколатини Дональд Трамп етакчилигидаги янги ҳукуматга топширади.