Қозон аэропорти терминалига гиёҳванд модда истеъмол қилган ҳолатда ВАЗ-2115 автомобилида бостириб кирган ҳайдовчи 15 суткага озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақида 23 декабрь, жума куни "Интерфакс" нашри хабар берди. 

"Кеча кечқурун суд қонунбузарни 15 суткага озодликдан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарди", - деди агентлик суҳбатдоши. Шунингдек у ҳайдовчининг ёнидан 3,9 граммли гиёҳванд моддаси топилганини қўшимча қилди. 

Матбуот хизмати маълумотига кўра, унга қарши "йўл ҳаракати қоидаларига боғлиқ маъмурий қонунбузарликларга доир 20 протокол ва гиёҳванд моддаларни ноқонуний сақлашга оид икки маъмурий протокол" тузилган. 

Приволжский транспорт прокуратураси сайтида берилган маълумотга кўра, бундан аввал ҳайдовчига нисбатан икки жиноий иш қўзғатилган. У ҳукумат вакилига нисбатан зўравонликни қўллаш таҳдиди (РФ ЖК 318-модда ) ва бировнинг мол-мулкини қасддан йўқ қилишда (167-модда) ҳам гумон қилинмоқда. 

Манбага кўра, воқеа 21 декабрь куни кечқурун содир бўлган. Автомобилни Набережные Челны шаҳрининг 40 ёшли фуқароси бошқараётган бўлган. Ершов кўчасида уни ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари тўхтатишга ҳаракат қилишган, лекин у бунга беписанд муносабат билдириб, тўғри аэропортга қараб йўл олган. ВАЗ терминал биносига кўплаб зиён етказиб, сув таъминоти қувурини ишдан чиқарган. Шоввоз аэропортга 6 миллион рублдан ортиқ суммага зарар етказган.