Тожикистоннинг "Сомон Эйр" авиакомпанияси Москва ҳамда Санкт-Петербург шаҳарларига авиақатновларни амалга ошира олади. Ушбу компаниянинг парвозларига Россия томонидан жорий қилинган тақиқ мамлакатнинг бошқа шаҳарларига амалга ошириладиган рейсларга тегишлидир. Бу ҳақда, РИА Новости агентлиги РФ транспорт вазирлиги матбуот хизматига асосланган ҳолда хабар қилмоқда. 

Аввалроқ, транспорт вазирлиги баёнот берганидек, Тожикистон "Ямал" авиакомпаниясининг "Жуковский" аэропортидан ушбу мамлакатга парвозларни амалга ошириши борасида келишиб олмаган. Бунга жавобан, Россия томони 23 декабрдан "Сомон Эйр" авиакомпаниясининг РФ минтақаларига парвозини тўхтатишини маълум қилган эди. 

"Москва ва Санкт-Петербург парвозлар учун рухсат берилган рўйхатда қолади", — дейишган матбуот хизматида. 

Тожикистон авиакомпаниясининг сайтидаги маълумотларга кўра, унинг самолётлари Москвага кунлик парвозлардан ташқари, Санкт-Петербург (ҳафтасига тўрт марта),  Сочи (ҳафтада бир марта), Оренбург (ҳафтада икки марта), Новосибирск (ҳафтада бир марта) ва Россиянинг бошқа шаҳарларига парвозларни амалга оширади. Шунингдек, Россияга Тожикистоннинг миллий авиакомпанияси Tajik Air ҳам қатновларни амалга оширади. 

"Сомон Эйр" — Душанбе аэропортида жойлашган биринчи хусусий авиакомпаниядир.