Япониянинг Хоккайдо оролидаги “Янги Титосэ” аэропортида олти минг киши кучли қор ва шамол туфайли пайшанбадан бери ушланиб қолишга мажбур бўлган. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар берди.

Саппорода жума куни 96 сантиметр қор ёққан – 1966 йилдан бери илк бора декабрдаги қор миқдори 90 сантиметрдан ошди. “Янги Титосэ” аэропортида 287 рейс қолдирилди. Ноқулай об-ҳаво шароити ер усти транспортига ҳам таъсир кўрсатди – 262 электропоезд ҳаракати бекор қилинган. Йўловчилар эса электричкалар ҳаракати бўлмагани туфайли икки кеча давомида аэропорти биносида қолишга мажбур бўлишди.

Аэропортда чойшаб ва иссиқ кийимлар етишмовчилиги кузатилган. Маъмурият эса ўзини-ўзи мудофаа қилиш кучларига мурожаат қилишгач, улар бундай нарсаларни етказиб беришди.

Шанба куни эрталаб авиапарвозлар тикланди. Ер усти транспорти ҳаракатининг тикланиши эса темир йўлларини қордан тозалашга боғлиқ бўлиб қолмоқда.