19 декабрь куни Франция Тараққиёт Агентлиги Ўзбекистон Республикаси билан Самарқанд шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришни модернизация қилиш бўйича лойиҳани молиялаштириш учун умумий суммаси 23,5 млн. евро бўлган Кредит келишувини имзолади. Бу ҳақда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берган.

Мазкур молиялаштириш Ўрта Осиё учун Инвестицион Жамғарма доирасида бериладиган Европа Иттифоқининг 8 млн. евро миқдоридаги субсидияси билан тўлдирилади. 

Лойиҳа Самарқанд шаҳрида энг илғор тажрибалар ва жаҳон андозаларига мувофиқ маиший чиқиндиларни самарали ва узоқ муддатли яхлит бошқаришнинг яратилишига қаратилган. Лойиҳа чиқиндиларни бошқаришнинг (айниқса, 200 та чиқинди йиғиш пунктларини қуриш ва таъмирлаш, 70та чиқинди йиғиш транспортини харид қилиш, қаттиқ маиший чиқиндиларни сортировка қилиш маркази ва уларни кўмиш марказини, шунингдек ахлатхонада ажраладиган биогазни қайта ишлаш бўйича биореактор бўлиб ишлайдиган ускуналарни ўрнатишни) ўз ичига олган барча ишларни ва барча занжирни, уларни йиғиш, қайта ишлаш ва утилизация қилишни молиялаштиришни қамраб олади. 

Бундан ташқари, лойиҳа мутахассисларни тайёрлаш, Самарқанд шаҳар ҳокимиятига ва чиқиндиларни йиғиштиришга ихтисослашган Мароқанд Обод шаҳар корхонасига институционал ёрдам кўрсатиш, шунингдек аҳолига маиший чиқиндиларни бошқаришга тааллуқли маълумот бериш бўйича тадбирларни ўтказишни ўз ичига олади. Лойиҳа бўйича кўзда тутилган, маиший қаттиқ чиқиндиларни техник кўмиш маркази биореактор бўлиб, максимал даражада биогаз ишлаб чиқариш мақсадида фаолият кўрсатади. Ушбу ишлаб чиқарилган газ чиқиндиларни йиғиш транспортларига қуйилади. 

Мазкур яхлит лойиҳа Ўзбекистонда, қолаверса бутун Ўрта Осиё минтақасида биринчи ҳисобланади.
 
Ушбу лойиҳа Ўзбекистонда ФТАнинг Европа Иттифоқи билан биргаликда амалга оширилаётган биринчи операциясидир. У Франция ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматлари ўртасида ФТА ва ПРОРАРКО ташкил қилиш ва уларнинг фаолияти тўғрисида 2016-йил 8-декабр куни Ҳамбург шаҳрида имзоланган келишувнинг давоми бўлди. 

Франция Тараққиёт Агентлиги (ФТА) – бу Франция ҳукумати томонидан белгиланган ривожлантириш сиёсатини амалга ошириб келаётган давлат молия институтидир. Қашшоқлик билан курашиш ва барқарор ривожланишга кўмаклашиш ФТАнинг вазифалари ҳисобланади.