Антуан Гризманн, «Атлетико»

Жаҳон футболидаги ҳар қандай жамоа мураббийи ёки раҳбари ўз клубида Антуан Гризманни кўришни истамаса, у ўз лавозими билан хайрлашаверса бўлади. France Football таснифи бўйича дунёнинг энг кучли ўйинчилари учлигига кирувчи футболчини харид қилиш учун яхшигина пул тўлаш лозимлиги бошқа масала. Ахир йирик миқдордаги маблағни атиги бир неча жамоалар тўлай олади. Шундай жамоалардан бири эса, сўнгги йилларда пулни кўрдим демай совураётган «Манчестер Юнайтед»дир. Ҳозирча, унинг таркибида Златан бор экан, Жозега ортиқча ҳужумчи керак эмас. Шунга кўра, Гризманнинг «Олд Траффорд»га ўтишини мавсум ниҳоясида кутиш мумкин, холос. 

Виктор Линделоф, «Бенфика»

«Бенфика» ҳимоячиси «МЮ» нишонга олган асосий ўйинчилардан яна биридир. Ҳозирда, жамоалар швед ўйинчиси учун товон пули борасида келишиб олган. У 38 млн фунт стерлинг (46 600 000 АҚШ доллари)ни ташкил этиши мумкин. Албатта, бу нарх анча жиддий, бироқ, Викторнинг Португалияда кўрсатаётган ўйини, унинг Европадаги келажаги порлоқ ҳимоячилардан бири ҳақида гап кетаётганини исботлайди. 

Хосе Хименес, «Атлетико»

Ушбу мавсумда «Атлетико»нинг бошланғич таркибида кўп ҳам пайдо бўла олмаётган ҳимоячиси Хосе Мария Хименес Линделофга муқобил сифатида баҳоланиши мумкин. Шу йилнинг ёзида «Ман Юнайтед» Мадрид клубининг бошқа бир футболчиси Диего Годинга қизиқиб кўрган, аммо рад жавобини олганди. Эндиликда, Хименес трансфер баҳоси 40-50 млн еврога баҳоланмоқда. Хименес ва Линделофларга муқобил сифатида «Саутгемптон» ҳимояси вакиллари Жозе Фонте ва Виржил ван Дайклар ҳам кўриб чиқилмоқда.

Нелсон Семеду, «Бенфика»

Линделофнинг «Бенфика»даги жамоадоши Нелсон Семеду ҳам «Манчестер Юнайтед» нигоҳига тушган. Семеду манкунианликларга жуда ҳам қўл келиши мумкин. Жамоанинг ўнг қанот ҳимоясида 31 ёшли Антонио Валенсия ўрнига муносиб номзод зарур. Аммо, 22 ёшли Семедуга «Манчестер Юнайтед» 30 млн евронинг баҳридан ўтса бас. 

Франк Кесси, «Аталанта»

А сериядан Англияга ўтиб олиш имконияти «Аталанта»нинг ярим ҳимоячиси Франк Кессида ҳам бор. Қолаверса, 35 ёшли Майкл Каррик ўрнида тўп сура оладиган ўйинчи унчалик ҳам қиммат турмайди. Transfermarkt унинг қийматини 7,5 млн еврога баҳолаган. Унинг ўрнига «Монако» Тьемуа Бакайоко ҳам хард қилиниши эҳтимол.

Мусса Дембеле, «Селтик»

Мусса Дембеле («Тоттенхэм»даги Мусса Дембеле эмас) ёз мавсумида «Селтик»ка ўтганди. Аммо, унинг Чемпионлар лигасидаги ёрқин ўйинлари ва «Рейнжерс» дарвозасига урган хет-трики обрўли клублар диққатини қаратди. Бу борада «Манчестер Юнайтед» ва шахсан Жозе Моуринью биринчи навбатда турибди. У 3 маротаба Муссани ўйинини кузатиб, Дембеледа Дидье Дрогбани кўрганини эътироф этди. Ушбу мавсумда Мусса 24та расмий ўйинда майдонга тушиб, «Селтик» учун 16та гол уришга муваффақ ҳам бўлди.