Ўзбекистонга хорижий инвестициялар оқимини кучайтириш учун нима қилиш зарур?

Жамият 24 Декабрь 2016 43325

23 декабрда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида хорижий ва маҳаллий инвесторлар иштирокида мунозаралар давраси ташкил этилди. Унда сармоядорлар дуч келаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари муҳокама қилинди, деб хабар қилмоқда Газета.уз сайти. 

Йиғилишда, Олий Мажлис Сенати аъзолари, иқтисодиёт ва адлия вазирлиги, Давлат солиқ ва божхона қўмиталари, Марказий Банк ва Ташқи иқтисодий алоқалар Миллий банки, Савдо-саноат палатаси (ССП), идоралар ва ташкилотлар, суғурта компаниялари ва хорижий сармоядорлар иштирокида ташкил этилган корхоналар вакиллари иштирок этишди. 

Ошкора руҳда бўлиб ўтган мунозараларга Сенат раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва ССП раиси Алишер Шайхов модераторлик қилишди.

Фото: Газета.uz

Инвесторларнинг муаммолари хусусида, «Нестле Ўзбекистон» бош директори Сергей Трацевский мажлисда иштирок этганларни ушбу компания билан боғлиқ икки ҳодиса мисолида хабардор қилди.

«Наманганда "Нестле Ўзбекистон" заводи бор, у сут ва ёғ ишлаб чиқаради. Россиядаги бир неча заводимизга ёғ керак, бироқ, биз маҳсулотимизни у ёққа экспорт қила олмаяпмиз, чунки ўзбек томони билан ветеринария рухсатномаси борасида келиша олганимиз йўқ», — деб ҳикоя қилган компания раҳбари куюнчаклик билан. 

Бундан ташқари, унинг фикрича, Ўзбекистонда интеллектуал мулкни ҳимоя қилишни кучайтириш лозим. Бу борада, Трацевский «Нестле Ўзбекистон» савдо белгисидан рухсатсиз фойдаланиш билан боғлиқ маҳкама жараёнини хотирлади. Ўшанда, айни компания ичимлик сувлари идишларига тегишли ташқи кўринишлар бошқа бир ичимлик сув ишлаб чиқарувчи компания томонидан кўр-кўрона кўчирилишига боғлиқ ҳодиса юз берганди. 

«Дастлабки суд қарори бизнинг фойдамизга бўлди. Бироқ, Интеллектуал мулк бўйича агентлик бошқа компанияни қўллаб-қувватлади. Биз, ҳуқуқий ва қонуний усуллардан фойдаланган ҳолда фаолият юритсак ҳам. Ва ниҳоят, сўнгги суд инстанцияси биз томонда турди», — деб ҳикоя қилган Сергей Трацевский.

Фото: Газета.uz

SGS раҳбари Исроил Аҳмадхўжаев эса, давлат органлари фаол ишлашга нақадар тайёрликлари хусусида тўпланганларга мурожаат қилди: «Ҳозир бўлаётган жараёнлардан хулоса қиладиган бўлсак, — тайёргарлик ўрта даражада. Агар, бу миқдордаги янги лойиҳалар, барча соҳалар бўйича кенг қамровли ва глобал анжуманлар, саноатнинг қайта жиҳозланиши ҳақида гапирадиган бўлсак, дастлаб бунинг механизмини ишлаб чиқишимиз керак».

У мисол сифатида Ўзбекистоннинг кичик ва ўрта бизнес корхоналарига етказиб бериладиган ускуна ва қурилмаларни сертификатлаш масаласига эътибор қаратди. Давлат идораларининг бунга нақадар шайлиги, сертификатлаш тизими янги талабларга қанчалик мослаша олиши мамлакатга сармоя киритиш ёки киритмаслик масаласини ҳал этади. 

Исроил Аҳмадхўжаевнинг сўзларига кўра, йирик инвестиция лойиҳаларининг пудратчилари, жумладан Тахиатош иссиқлик электрстанцияси ва Навоий тоғ-кон металлургияси комбинати инвесторлари ўрнатилаётган ускуналарни фойдаланишга қанчалик тез рухсат берилишидан манфааатдордир. Бугунги кунда, «Ўзстандарт» агентлиги қачонлардир хорижда тасдиқдан ўтган сертификатланган маҳсулот учун агентлик мутахассисининг хорижга бориб келиши, визаси, меҳмонхонасини таъминлашни талаб қилмоқда. Шундан кейингина, сертификатлаш хусусида якуний қарор қабул қилинади. Буларнинг барчаси ускуна таннархига қўшилади. 

У протекционизм сиёсатини аниқ белгилаб олиш ва банкларга валюта тушуми бўйича қарорларни мустақил равишда қабул қилиш имконини беришга чақирди. 

Фото: Газета.uz

Кўргазмалар ташкил этиш бўйича ITE Uzbekistan компанияси бош директори Нигора Ҳасанова дастлаб, ўзининг хорижий кичик корхонасини ривожлантириш учун унинг ишчилари сонини 100 нафарга етказиш лозимлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, бу ҳолатда компания янада кўпроқ ишлай олиши ва минтақаларда ҳам ўз шахобчаларини очиши мумкин бўлар эди.

Нигора Ҳасанова, шунингдек, банклар фаолиятини ҳам кескин танқид қилган. «“Ипак йўли” банкида хорижий валютада жамғарма ҳисоб рақами очишни рад этишди. Улар сўм талаб қилишди. Бизлар, хорижий компаниялар билан музокаралар ўтказамиз, Ўзбекистонга таклиф қиламиз, бироқ, банк биздан валютани қабул қилишдан бош тортади. Маблағларимиз депозитда эмас, фоизлар тўланмайди, биз ҳеч нарса қила олмаймиз. Банклар билан боғлиқ яна бир муаммо, бу сўмдаги нақд пул муаммоси, аниқроғи унинг йўқлиги. Бизда ATM (карточкадан нақд пул ечиш имконини берувчи банкомат)лар йўқ, пластик карточкадаги пулни нақдлаштириш имкони йўқ. Шу сабабли, ходимларимиз ишдан кетишади», - деган Нигора Ҳасанова.

Компания раҳбари, шунингдек, инвесторларга мурожаат қилиб, янги, жаҳон андозаларига мос келувчи экспомарказ барпо қилишни сўради. «Янги, халқаро даражага мос келувчи, гардероблари ва меъёрдаги хожатхоналари бўлган экспомарказ керак. Биз хориж компаниясини олиб келганда уялмайлик. Ҳозирги бизнинг ихтиёримиздаги марказ — бу шунчаки монополия. Театр гардеробдан бошланади, экспомарказ эса давлат юзи», - деган Нигора Ҳасанова.

Фото: Газета.uz

Aurora Consulting асосчиси У Бин эса, ўз навбатида, нима учун хитойлик сармоядорларнинг Ўзбекистонда фаол эмаслигига ойдинлик киритди. 

«Тўғрисини айтаман, хафа бўлманглар. Ўзбекистон билан танишганимдан сўнг, бу улкан салоҳиятга эга буюк давлат эканига иишонч ҳосил қилдим. Ўйлайманки, янги Президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотлари хитойлик сармоядорлар учун катта имкониятлар очади. Бироқ, камчиликларни ҳам қайд этмаслигим мумкин эмас. Хитой — жаҳоннинг иккинчи иқтисодиёти, аммо, Ўзбекистон бозорида улар ҳамон кам. Бизлар йирик давлатмиз, лекин Хитойда сизнинг давлатингиз ҳақида дастлабки маълумотни олиш учун Ўзбекистон ҳақида бирорта китоб топа олмаймиз».

«Кўплаб хитойлик сармоядорлар Ўзбекистонни билишмайди. Бошқалар эса, Москвадаги каби — мафия, бандитлар бор, яна совуқ ҳам деб ўйлашади. Бизнинг тадбиркорлар, гарчи узоқ бўлса ҳам Африкага пул тикмоқда, улар шунчаки сизларни билишмайди», — деб қайд этган У Бин.

«Захиралар, иш кучи, коммунал таъминланиш сизларда Хитойдагига қараганда анча арзон. Нима учун хитойликлар бу ҳақда билмайди? Нима учун сизлар ташвиқот билан шуғулланмайсизлар? Сиз буни бизларнинг давлат идораларимиз орқали амалга оширишингиз мумкин. Бироқ, бундай анжуманларни хўжакўрсинга эмас, сифатли ташкил этиш лозим, чунки, шундай ҳолатлар ҳам бўлдики, таржимонлар маълумотларни инвесторларга нотўғри етказишди. Яна бир гап, хорижий инвесторларга маслаҳат берадиган давлат идорасини аниқлаб олиш керак, — бизнинг одамлар инвестиция борасида кимга ва қаерга мурожаат қилишни билмайди. Ўзбекистондан Хитойга маҳсулот экспорт қилиш борасида ҳам катта имкониятлар бор. Оддий мисол, сизда ишлаб чиқилган вино 3 доллар туради, бизда айни бренддаги ичимлик 20 доллар. Бироқ, ҳеч ким бу билан шуғулланмайди, шуғулланаётганлар эса, рақобатдан қўрқиб бу ҳақда гапирмайди», — дея хулоса қилган хитойлик инвестор. 

Фото: Газета.uz

BERNINA-TIKUVMASH компанияси ва Муниципал иқтисодиёт ва инжиниринг маркази вакили Баҳодир Хўжаев мамлакатдаги инвестиция дастурларини тубдан ўзгартиришга чақирган. 

«Ҳар йили инвестиция дастурлари ишлаб чиқамиз, бироқ, унинг ЯИМдаги улушини билмаймиз. Ҳар қандай сармоядорни, биринчи навбатда, корхоналар ҳолатига доир таҳлилий ахборот қизиқтиради. У шунга қараб, пул тикиш масаласини ҳал этади. Бизнинг республикада шу каби маълумотларни олиш муаммо, бундай ахборотлар икки йил аввал эълон қилинишдан тўхтатилган эди. Масалан, биз, шартли равишда 2030 йилгача мўлжалланган мактаб дастури ҳақида гапирадиган бўлсак, зарур бўладиган жиҳозлар, инвентарлар ва шу кабиларга оид маълумотларни ҳам тақдим этишимиз зарур. Сармоядор ниманидир мўлжал олиши керак», — деб қайд этган Баҳодир Хўжаев.

У, шунингдек, режалаштирилаётган лойиҳаларда сув таъминотига эътибор берилмаслигига мажлис иштирокчиларининг диққатини қаратди. «Мустақилликнинг 25 йилида ичимлик суви билан таъминлаш дастури доирасида 60 минг кмга яқин сув қувурлари тармоғини барпо этдик. Аммо, бугунги кунда, уларнинг ярми, айниқса қишлоқ жойларда қаровсиз аҳволда. Республикадаги сув билан таъминлаш қувватларидан 33 фоизга, оқова қувурлари имкониятидан 27−28 фоизга фойдаланилмоқда. Оқова сувларнинг 2,5 млрд куб метридан 1,5 млрди қайта ишланмасдан ерга сингиб кетади. Тозалаш иншоотлари деярли ишламаяпти. Газ ва электр таъминоти билан ҳам шу аҳвол. 2012 йилда Иқтисодий тадқиқотлар марказида ўтказилган тадқиқотда 40 фоиз тадбиркор инфратузилмалар ҳолатидан нолишган. Сув таъминотини яхшилаш учун, бизнинг ҳисобларга кўра, 3,5−4 млрд доллар маблағ зарур, аммо биз айни вақтда бунинг учун йилига 100 млн доллар сарфлаяпмиз. Демак, тўлиқ бажариш учун 30−40 йил вақт кетади, бу вақт ичида аввалгилари эскириб бўлади».

«Бу муаммони ҳал этиш учун давлат ва хусусий тадбиркорлар ҳамкорлигини йўлга қўйиш керак. Дунёда бу бозор (сув таъминоти ва оқова сув) 1 трлн долларни ташкил этади. Ривожланган мамлакатларда бу бозор етарли даражада рентабелли (даромадли) ҳисобланади. Бироқ, бизда ҳамон ушбу соҳага хусусий тадбиркорларни жалб этишни тартибга солувчи қонун мавжуд эмас. Ўзбекистон коммунал тизимининг эгаси йўқ, расман у ҳокимиятларга тегишли».

Ниҳоят, Баҳодир Хўжаев тикув ускуналари импортига доир механизмларни соддалаштиришни сўради. Янги технологиялар агентлиги кичик оилавий бизнес юритувчилар учун мўлжалланган оддий тикув машиналарига ҳам бир жилд ҳужжатларни талаб қилади.

Фото: Газета.uz

Шунингдек, учрашувда хорижликларнинг фарзандлари учун мактабларнинг йўқлигига эътибор қаратилган. Сармоядорлар ўз маблағлари ҳисобидан шундай таълим масканлари барпо этишни хоҳлашса-да, бюрократик тўсиқлар мавжудлиги бунга имкон бермаяпти. 

Анжуман иштирокчилари, «чиқиш визаси» масаласини ҳам кўтаришган: сармоядорлар учун хорижга чиқиш рухсатини берувчи стикерни 2 йилдан беш йилга ошириш ҳамда компания ходимлари учун вақтинчалик прописка муддатини узайтириш таклифларини билдиришди. 

«КНАУФ Ўзбекистон» вакили Жамшид Нурмуҳаммедов хорижга маҳсулот олиб чиқаётган сармоядорлар учун, солиқ, бож ва акциз солиғининг янада шаффофлигини таъминлаш мақсадида божхона калькуляторини ташкил этиш таклифини билдирди.  

Ҳокимият ва бизнес вакиллари ўртасидаги учрашув якунига кўра, ҳар ойда шундай учрашув ўтказишга ҳамда соҳалардаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича мунозаралар ўтказишга келишиб олинган. 

Кун янгиликлари
Ҳурматли абитуриентлар, сизнинг ҳали Олий ўқув юртига ўқишга кириш имкониятингиз бор!
09:55 12889 Lifestyle
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 20472 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 10183 Жамият
KUN.UZ хайрия акцияси: Жаҳонгирнинг бир оёғида операция ўтказилди, йигит барчадан миннатдор
19:03 / 21.08.2017 11018 Жамият
Ўзбекистон қачонгача ривожланаётган давлатлар қаторида қолади?
16:20 / 21.08.2017 37928 Ўзбекистон
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 52162 Жамият
Трамп Афғонистондан америкалик ҳарбийларни зудтар олиб чиқиш имконсизлигини айтди
14:10 195 Жаҳон
Қозоғистон Қирғизистонга ёрдам кўрсатишни бошлади - 41 миллион доллар
14:00 282 Жаҳон
Президент ҳузурида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича Давлат комиссияси ташкил этилиши мумкин
Терма жамоанинг Қирғизистонга қарши ўртоқлик учрашувига мухлислар киритилмайди
13:40 1960 Спорт
Кўпроқ янгиликлар