Украина Олий радаси депутатлари жорий йилдаги охирги ялпи йиғилишда муштлашиб кетдилар, деб хабар бермоқда "112 Украина" телеканали.

Муштлашув "Блок Петра Порошенко" фракцияси депутати Павел Кишкарь ва фракцияга кирмайдиган депутат Михаил Головко ўртасида чиққан.

Головко нутқи вақтида "Укргаздобыча" компанияси фаолияти масаласига тўхталиб ўтган. Кишкарь залдан туриб депутатга халақит қилган ва унинг сўзларини "ёлғон" деб айтган.  

Головко сўзлаб бўлгач, Кишкарга танбеҳ берган ва улар орасида чиққан даҳанаки жанг муштлашувга айланиб кетган.

Головко ушбу воқеа юзасидан журналистларга берган изоҳида депутат устидан судга шикоят қилишга ва "ўзининг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоялашга" тайёрлигини айтган. "Менда бунинг учун муносиб далиллар бор", деб айтган депутат.