Ҳасад балоси ҳақида

Жамият 25 Декабрь 2016 17561
Фото: Google image

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирингиздан узилманглар, бир-бирингизга орқа ўгирманглар, нафрат-адоватда бўлманглар, ўзаро ҳасад қилманглар. Аллоҳнинг биродар бандалари бўлинглар. Мусулмон учун биродарини уч кундан ортиқ тарк қилиши ҳалол бўлмайди”, дедилар”. (Термизий ривояти).

Шарҳ: Ҳасад икки қисмга: ҳақиқий ва мажозийга бўлинади. Ҳақиқий ҳасад – Аллоҳ бир кишига берган бойлик, илм ёки бирор яхшиликни кўриб, унга ўзи эришмаса-да, нариги инсондан кетишини хоҳлашидир. Мазкур ҳасад саҳиҳ ва очиқ далиллар ҳамда уммат ижмосига кўра ҳаром қилинган.

Мажозий ҳасадни ҳавас маъносида ҳам тушуниш мумкин. Ушбу маънодаги ҳасадгўй бошқа кишилардаги неъмат улардан кетмаган ҳолда ўзида ҳам бўлишини истайди. Агар ҳасад қилаётган нарсаси дунёвий ишлар учун бўлса, жоиз ва ухровий, яъни ибодатларда бўлиши эса мустаҳабдир. Аллоҳ таоло айтади: “Бас, мусобақачилар шу (неъматлар) йўлида мусобақа қилсинлар!” (Мутаффифун сураси, 26-оят). Бу ўринда мусобақалашишдан бировга зарар бермаган ҳолда ундан ўзиб кетиш тушунилади. Зеро, неъматга эришишда бир инсон бошқасидан ўзиб кетишининг зарари йўқ. Шунинг учун инсон яхши ишларда мусобақалашишга буюрилган. Иккинчи турдаги ҳасад борасида қуйидаги ҳадис келган:

عن ابن عمر رضي الله عنهما قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم لا حسد إلا في اثنتين رجل آتاه الله مالا فهو ينفق منه آناء الليل وآناء النهار ورجل آتاه الله القرآن فهو يقوم به آناء الليل وآناء النهار

Ибн Умар розиялоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки нарсадан бошқасида ҳасад йўқ. (Бири) Аллоҳ таоло бир кишига мол-дунё берган ва у кеча-ю кундузи уни инфоқ қилади.(Иккинчиси) Аллоҳ таоло бир кишига Қуръонни берган ва у кеча-ю кундуз уни қоим қилади”, дедилар”. (Термизий ривояти).

Демак, икки ҳолатда ҳавас маъносида ҳасад қилиш мумкин. Ҳадисда ҳасад қилиш мумкин бўлган икки ҳолат мисол тариқасида келтирилган бўлиб, ундан мутлоқ диний амаллар ирода этилган. Дунёвий ишларда ҳасад қилиш мубоҳ ҳисобланади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни тарғиб қилмаганлар.

Биринчи ҳадисда ҳақиқий маънодаги ҳасад баён қилинган. Унда “Бир-бирингиздан узилманглар, бир-бирингизга орқа ўгирманглар, нафрат-адоватда бўлманглар” жумлаларидан кейин “Ўзаро ҳасад қилманглар” дейилди. Бундан кўринадики, ҳасад одатда нафрат-адоват ортидан келиб чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шуларнинг ечимини баён этиб “Аллоҳнинг биродар бандалари бўлинглар”, дедилар. Яъни, юқоридаги тўрт ишнинг бўлишига йўл қўйманглар дейилмоқда.

Ҳасад қилинаётган кишига берилган неъмат Аллоҳ тарафидан берилган. Унга куйишдан нима наф?! Агар инсон мана шу ҳақиқатни англаб етса, ўртадаги ўзаро жанжаллар ҳам тугаб, ҳамма бир-бири билан биродар бўлган ҳолда яшайди.

Аллоҳ барчамизни ҳасад балосидан сақласин. Доимо ҳавас билан яшашни насиб қилсин!

Эргашев МУҲАММАДИЙ
«Аҳмаджон қори» жоме масжиди имом-хатиби

Кўпроқ янгиликлар