Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоевнинг Ўзбекистонга қилган ишчи ташрифи давомида томонлар чегаралар делимитацияси масаласини муҳокама қилишди. Бу ҳақида Қирғизистон президент аппаратининг ташқи сиёсат бўлими раҳбари Сапар Исоқов берган маълумотларга асосланиб, 24.kg сайтида хабар берилди. 
 
"Бугунги кунга келиб, томонлар чегара умумий ҳудудининг тахминан 70 фоизини кўриб чиқишди. Икки давлат раҳбари бош вазир ўринбосарларига январь ойи ўрталарига қадар бу масаладаги мавжуд муаммоларни ишлаб чиқиш тўғрисида топшириқ берди. Улар бу масала билан тўлиқ шуғулланишади", - деди Исоқов. 
  
"Ташриф доирасида давлат раҳбарларидан бир ой давомида ишлаб чиқишимиз зарур бўлган аниқ топшириқларни олдик. Биз уларни амалга ошириш мақсадида куну тун ишлаймиз", - дея таъкидлади ташқи сиёсат бўлими раҳбари. 
 
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев 24 декабрь куни ишчи ташриф билан Самарқандда бўлди. У Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди ва мамлакат раҳбари  Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказди.