2016 йил 25 декабрь куни халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. 

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади

Маърузада мустақиллик йилларида Навоий вилоятида барча соҳаларда ислоҳотлар амалга оширилгани, янги бино ва иншоотлар, ижтимоий объектлар, уй-жойлар барпо этилгани таъкидланди.

"Навоий вилояти ҳақида гап кетганда, аввало, унинг меҳнаткаш халқи, ер ости ва ер усти бойликлари, улкан салоҳияти кўз олдимизда намоён бўлади. Мамлакатимизнинг йирик саноат ҳудуди ҳисобланган ушбу вилоятда кончилик, металлургия, кимё, энергетика, қурилиш материаллари, пахта тозалаш, озиқ-овқат саноати изчил ривожланмоқда. 

Жорий йилнинг тўққиз ойида ялпи ҳудудий маҳсулот қарийб 7 миллиард 440 миллион сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 5,9 фоизга ошди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 4,2 фоиз, истеъмол товарлари 14,8 фоиз, қишлоқ хўжалиги 6,7 фоиз, қурилиш ишлари 11,6 фоиз, чакана савдо айланмаси 15 фоиз, жами кўрсатилган хизматлар 15,5 фоизга ўсиши таъминланди. 

Вилоятда ҳудудий корхоналар томонидан жами 43 миллион долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорти амалга оширилди. Маҳаллийлаштириш дастури асосида 17 корхонада 57 лойиҳа бўйича тайёр маҳсулот ҳамда материаллар, бутловчи қисм ва деталлар ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, 9 ойда 47 миллиард 600 миллион сўмлик маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. 

Ҳозирги кунда вилоятда 17 йирик саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Навоий кон-металлургия комбинати, “Навоийазот”, “Қизилқумцемент”, “Навоий иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятлари ва “Электркимёзаводи” қўшма корхонаси шулар жумласидандир. “Навоий” эркин иқтисодий зонасида 18 корхона фаолияти самарали йўлга қўйилган бўлиб, улар томонидан 100 дан ортиқ турдаги рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда", деди президент. 

Сессияда бандлик масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда аҳоли, авваламбор, ёшларни иш билан таъминлаш, замонавий иш ўринлари яратиш давлатимиз, бутун жамиятимизнинг диққат марказида туриши лозимлиги қайд этилди.

Кейинги 5 йилда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 130,3 фоизга ошган. Саноат корхоналари сони 1049тадан 1475тага етган. Илгари вилоятдаги саноат корхоналари томонидан 122 турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг тури 300дан ошган.

Президент айни пайтда вилоятда жиддий эътибор қаратиш лозим бўлган бир қатор долзарб масалалар мавжуд эканлиги ҳам қайд этиб ўтди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш саноатини ривожлантириш учун мавжуд бўлган жуда катта имкониятлар ишга солинмаяпти.
 
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тавсиясига биноан Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келаётган Қобул Турсунов Навоий вилояти ҳокими этиб сайланди.