Ту-154 ҳалокатга учраган жойдан 5 кишининг жасади топилди

Жаҳон 25 Декабрь 2016 12215

Қора денгиз ҳудудида қидирув амалиётини ўтказаётган кемалар Ту-154 самолёти ҳалокатга учраган ҳудудда 5 кишининг жасадини аниқлади. Бу ҳақда Сочи шаҳри фавқулодда вазиятлар хизматига асосланиб, «Интерфакс» хабар берган.

«Қидирув ишлари давом эттирилмоқда. 5 кишининг жасади кемаларга чиқариб олинди», — деган агентлик суҳбатдоши.

«Аниқланган жасадлар асосан аёлларники. Уларнинг шахси аниқланмоқда», — деган ҳуқуқ-тартибот органларидаги бошқа бир манба.

Жасадларнинг шахсларини аниқлаш учун генетик экспертиза ўтказишга тўғри келиши айтилган.

Москвадан учиб чиққан ва Сочидаги аэропортдан ёнилғи тўлдириб, Сурияга парвозни давом эттирган самолёт бортида Россия ҳаво-космик кучларининг Хмеймим авиабазасида хизмат ўтаётган авиагуруҳни Янги Йил билан табриклашга йўл олган Александров номли ансамбль мусиқачилари, ҳарбий хизматчилар ва 9 нафар журналист бор эди.

Самолёт радарлардан ғойиб бўлганидан кўп вақт ўтмасдан Сочи қирғоғидан 1,5 километр ичкарида, Қора денгиз ҳудудида қулаб тушгани маълум бўлди.

Самолётда жами 92 киши бўлган. Бирон кишининг омон қолганидан умид йўқ.

Кўпроқ янгиликлар