Туркия ҳукумати АҚШ етакчилигидаги ҳалқаро коалицияга мурожаат қилиб, Суриянинг Ал Боб шаҳрида жанговар ҳаракатлар олиб бораётган турк ҳарбийларини ҳаводан қўллаб-қувватлашни сўраган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилмоқда.

«Халқаро коалиция ўз мажбуриятини бажариши лозим, улар Ал Боб учун курашда бизга ҳаводан ёрдам бериши керак, — деган Туркия президенти матбуот котиби Иброҳим Калин. — Биз муҳтож бўлган ёрдамни бермаслик мумкин эмас».

Калиннинг айтишича, Туркия армияси Сурия озод армияси билан ҳамкорликда ИШИДнинг 226 нафар жангарисини ўлдирган. 

Бир неча ҳафтадан бери Ал Боб учун аёвсиз жанглар давом этмоқда. Ушбу шаҳар учун кураш «Фурот қалқони» амалиёти доирасида амалга оширилмоқда. Ундан кўзланган мақсад, Туркия ва Сурия чегара ҳудудларини ИШИД жангариларидан озод қилишдир.