Бугун 26 декабрь куни Япония бош вазири Синдзо Абэ АҚШнинг Ҳавайи штатига икки кунлик ташрифини бошлайди. У японияликларнинг Перл Ҳарборга ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган америкаликларнинг хотирасини ёд этади. 1941 йил 7 декабрда Япония ҳарбий авиацияси Оаҳу оролидаги АҚШ кемалари ва авиациясига қўққисдан ҳужум қилган эди. 

Япония матбуотининг ёзишича, Синдзо Абэ ва Барак Обама икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий альянснинг муҳимлигини эътироф этишади. Уларнинг учрашуви 27 декабрь куни Барак Обама туғилган ва болалиги ўтган Ҳонолулу шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган. 

АҚШнинг Иккинчи жаҳон урушига қўшилиши учун бош сабаб бўлган Перл Ҳарборга ҳужум оқибатида 2,4 минг америкалик ҳалок бўлган, яна минглаб аскарлар яраланган. 

2016 йил майида Барак Обама Японияда бўлиб ўтган "Катта еттилик" саммити доирасида Американинг атом бомбаси ташлашидан вайрон бўлган Хиросима шаҳрига ташриф буюрган илк АҚШ президенти бўлган эди. Абэнинг Перл Ҳарборга ташрифи Япония раҳбариятининг жавоб ташрифи сифатида баҳоланмоқда. Бироқ, Барак Обама Япония шаҳарлари бомбардимон қилингани учун кечирим сўрамагани сабаб, Синдзо Абэ ҳам Перл Ҳарборга ҳужум учун кечирим сўраши кутилмаяпти.