Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Россия етакчиси Владимир Путин билан учрашувда Остона Сурия бўйича музокараларда иштирок этаётган барча томонларни қабул қилишга тайёр эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда РИА «Новости» хабар бермоқда.

«Сизнинг таклифингиз юзасидан қароримиз шундай: Қозоғистон Остонада музокаралар учун барча томонларни қабул қилишга тайёр», - дея айтиб ўтди давлат раҳбари.

Назарбоевнинг таъкидлашича, у кеча бу масала юзасидан Путин, шунингдек Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Эрон раҳбари Ҳасан Руҳоний билан суҳбатлашган.

«Уларнинг барчаси рози. Учрашув ўтказилиши учун барча керакли шароитларни яратамиз», - таъкидлаб ўтди Қозоғистон етакчиси.

Аввалроқ, Путин, Назарбоев ва Эрдўған телефон орқали суҳбатда Остонада Суриядаги вазият юзасидан учрашув ўтказишга рози бўлганликлари ҳақида хабарлар тарқаганди.