Нодон инсонлар билан дўстлашиш шармандалик келтиради

Жамият 26 Декабрь 2016 21411
Фото: Google image

«...Уларнинг дилларини (ўзаро) яқинлаштирган зотдир. Агар (Сиз) ердаги (ҳамма) нарсани сарфлаганингизда ҳам (уларнинг) дилларини (бир-бирига) бойлай олмаган бўлур эдингиз. Лекин Аллоҳ уларнинг ўртасини бойлади. Албатта У қудратли ва ҳикматли зотдир» (Анфол сураси, 63-оят).

Жоҳилият даврида арабларда ҳамият, ғурур, мутаассиблик, гина, адоват жуда кучли бўлган. Бир қабила кишиси бегона қабилага мансуб кишининг юзига бир тарсаки урса, бутун қабила оёққа туриб, то ўч олмагунча қўймас эди. Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам) пайғамбар бўлган вақтдан бошлаб Ул зотга иймон келтириб, суннатларига амал қилганларидан кейин мазкур ҳолат ижобий томонга ўзгарди. Гина, адоват, ҳасадгўйлик ўрнини Аллоҳ таоло йўлида дўстлашиш, ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат эгаллади.
 
Авс билан Ҳазраж қабилалари ўртасида бир юз йигирма йиллик адоват сақланиб келар эди. Ислом дини шарофати билан улар дўсту биродарга айланишди.

Ислом дини инсонларни доимо бир-бирлари билан яхши муомалада бўлишга буюрар экан, уларнинг муомалалари беғараз бўлиши учун ўзаро муносабатлари ҳам самимий бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Зеро, инсон табиатан киришимли қилиб яратилган, яъни у жамиятдан ажралиб, алоҳида яшай олмайди. Шундай экан, мўмин киши диний ва дунёвий ишларини тўғри йўлга қўйишда солиҳ дўсту ёрларни танлаши лозим. 

Қуръони каримда мўминлар ўзаро бир-бирларига дўсту биродар эканликлари баён қилиниб:

«Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар…», - дейилган (Ҳужурот сураси, 10-оят). 

Агар бу дўстлик Аллоҳ таоло учун бўлса, у яна ҳам мустаҳкам бўлади. Чунки, Аллоҳ розилиги учун бўлган дўстликка ҳеч қандай дунёвий ғараз аралашмайди. Бошқача қилиб айтганда, дунёвий ишлар юзасидан сан-манга бориб қолган тақдирда ҳам уларнинг дўстлигига путур етмайди. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳ таоло ҳеч қандай соя бўлмайдиган қиёмат кунида етти тоифа инсонларга Ўзининг аршиси соясидан жой беради. Улардан бири Аллоҳ таолонинг розилиги учун дўстлашган инсонлардир», - деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса:

«Аллоҳ таоло йўлида дўстлашган инсонлар учун охиратда нурдан минбарлар барпо қилинади. Уларни кўриб ҳатто пайғамбарлар ва шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар», - деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Дарҳақиқат, аҳли солиҳ кишилар билан ошно бўлган инсон ҳеч қачон панд емайди. Бундай кишилар билан дўстлашиш нафақат дунёда балки, охиратда ҳам фойда бериши Қуръони каримда баён қилинган (Зухруф сураси, 67-оят). 

Шунингдек, бетавфиқ, нодон инсонлар билан дўстлашиш дунёда шармандалик, охиратда эса хасрату надомат келтириши ҳам очиқ равшан баён қилинган (Фурқон сураси, 27-29-оятлар). 

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бир ҳадисларида: 

«Киши ўз биродарининг динида бўлади», - деган бўлсалар, бошқа бир ҳадисда эса: «Сен ўзинг дўстлашаётган одамнинг хулқ-атвори, унинг қандай одам эканлигига эътибор бергин», - деб марҳамат қилганлар. Халқимизда ҳам: Сен менга дўстларинг кимлигини айт, шунда мен сенга қандай одам эканлигингни айтаман, деган бир гап бор. 

Ҳадиси шарифда шундай дейилади:

«Қиёмат қоим бўлганида унинг даҳшатидан инсонлар яқинларидан қочади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: «Ўша куни киши ўз биродаридан қочади. Яна онаси ва отасидан ҳам, хотин ва ўғилларидан ҳам (қочур). (Чунки) у кунда улардан ҳар бир кишида ўзига етарли нарса (ташвиш) бўлур» (Абаса сураси, 34-37 оятлар). 

Бир банданинг амал дафтари тарозига тортилганда зарра миқдоридаги савоб камлик қилади ва жаннатга киришига етмай қолади. Шунда юқоридаги ояти каримада таъкидланганидек яқинларидан ёрдам сўрар экан. Нажот чиқмагач Аллоҳ таоло йўлида дўстлашган дўстини кўриб қолади. Дўсти ундан: «Нега ғамгинсан», деб сўраса, у: «Жаннатга киришимга зарра миқдордаги савобим етмай қолди. Яқинларим ўзлари билан ўзлари оввора бўлганлари учун мендан қочишди», дейди. Шунда дўсти унга: «Етмай қолган савобингга мен ўз савобимдан бераман», деб, дўстига ўз савобидан беради. Шу пайт Аллоҳ таоло Ўзи билган ҳолда фаришталарни гувоҳ қилиш мақсадида фаришталаридан: «У банданинг амал дафтари тортилганми? У ўз савобидан бериб юборди», дея сўрайди. Фаришталар: «Йўқ», деб жавоб беришади. Аллоҳ таоло: «Ундай бўлса, нимани эвазига бундай қилди», деб яна сўраганида, улар: «Эй, Аллоҳ! Булар Сенинг йўлингда дўст тутинганлар», дейишади. Шунда Аллоҳ таоло: «Сизлар гувоҳ бўлинглар! Мен уларнинг иккисини ҳам гуноҳларини авф қилдим. Жаннатимга киритинглар!» дейди», дейилган.

Дарвоқе, бирор инсонга баҳо беришда унинг ёру-биродарлари қандай одамлар эканлигига қаралади. Агар улар баобрў, дину диёнатли кишилар бўлса, ўзгалар назарида унинг ҳақида ҳам шундай фикр пайдо бўлади. Борди-ю, ошнолари Худони танимайдиган, бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган, муттаҳам кишилар бўлса, уларнинг касофати туфайли биродари ҳам ёмон отлиқ бўлиши табиий. Шундай экан, мусулмон киши дунё ва охирати учун манфаатли бўлган инсонлар билан ошно бўлишга эътибор бермоғи лозим.

Аллоҳ йўлида бир-бирлари билан дўстлашган кишилар учун жаннатда ҳатто пайғамбарлар, шаҳидлар ўтирмайдиган тахтларни тайёрлаб қўйилгандир.
      
Жаҳонгир ЧОРИЕВ 
Тошкент  вилояти  Занги ота   тумани «Айри-ота»  жоме 
масжиди имом-хатиби   

Кўпроқ янгиликлар