АҚШ ва Япония мудофаа вазирликлари Окинавада АҚШ ҳарбий базасининг фаолияти масаласи бўйича келишувга эришдилар, деб маълум қилди Пентагон раҳбари Эштон Картер.

"АҚШ ва Япония музокарачилари АҚШ қуролли кучларининг Япониядаги фуқаролик хизматчилари миқдорини белгиловчи келишувга эришдилар", деб айтилди Картер баёнотида.     

Картер келишувнинг якуний расмийлаштирилиши яқин орада бўлиши кутилаётганини қўшимча қилди.

"Шимолий машғулот туманидаги ернинг қисман қайтарилиши ва Окинавада Футенма объекти қурилиши зудлик билан тикланиши бўйича янги чоралар бизнинг Япония ҳукумати билан америка-япон иттифоқини мустаҳкамлашдаги яқиндан ҳамкорлигимизни намойиш қилади", деб айтди Картер. 

Картер баёнотида америкалик ҳарбийлар мақомига тааллуқли масалалар эслаб ўтилмаган. Бироқ охирги вақтда икки давлат ҳарбийлари музокараларда айнан шу масалага тўхталиб ўтгандилар.

Японияда АҚШ ҳарбийларининг мақоми бўйичи келишув 1960 йилда имзоланган. Окинавада АҚШнинг Япониядаги барча базаларининг 75 фоизи мужассамлашган ва келишув ҳарбий базалардаги америкаликларни ҳимоя қилишгагина қаратилган. Япония прокуратураси америкалик ҳарбийларга улар томондан ҳарбий хизмат ўталаётган вақтда амалга оширган ҳаракатлари учун айблов қўя олмайди. 

Окинава жамоатчилиги маълумотларига кўра, америкалик ҳарбийлар бу оролларда улар Японияга 1972 йилда топширилгандан кейин 5,8 мингдан кўпроқ жиноят содир этганлар. Бу жиноятлардан 571 таси "ўта оғир жиноятлар" тоифасига киради.