Исроил ва Покистон расмий шахслари ўртасида ёлғон хабар сабаб баҳслар келиб чиқди. Twitter ижтимоий тармоғи мунозаралар майдонига айланиб кетган, деб ёзмоқда The Guardian.

Таъкидланишича, бу ҳолат AWD News сайтида “Исроил мудофаа вазири: агарда Покистон Сурияга исталган сабаблар билан қўшинлар юборса, биз бу мамлакатни ядро зарбаси билан йўқ қилиб юборамиз” деган сарлавҳали мақола пайдо бўлгач, юз берган.

Покистон мудофаа вазири Хаважа Муҳаммад Асиф эса бунга жавобан Исроилга ўз твиттери орқали “Покистон ҳам ядро давлати эканини” эслатиб қўйган.

Исроил мудофаа вазири эса вазиятга изоҳ бераркан, уни “ўйлаб топилган” деб атади ва мудофаа маҳкамаси раҳбари ҳеч қачон бундай сўзларни айтмаганини таъкидлаб ўтди.

Махсус ташкилот далилларни текширувдан ўтказгач, AWD News ва уларнинг янгилиги ёлғон деб тан олинди.

Маълумот учун, Покистон ядро қуролига эга бўлган давлатлар сафига 1998 йилда қўшилган. Исроил эса ҳеч қачон ядро қуроли борлигини тасдиқламаган ҳам, рад этмаган ҳам. Кўпчилик мутахассисларнинг фикрича, у ҳақиқатдан бор.