Португалия терма жамоаси ва Мадриднинг "Реал" клуби ҳужумчиси Криштану Роналдунинг ижтимоий тармоқлар орқали Суриядаги болаларга қилган мурожаати 15 миллион марта кўрилган ва 2 миллиондан ортиқ "лайк"ка эга бўлган. 

Facebook фойдаланувчилари видеомурожаатни 10,5 миллион марта кўришган, 750 минг марта "лайк"лашган, 150 минг фойдаланувчи бу видео билан ўз саҳифасида бўлишган, унга 30 минг изоҳ ёзилган. 

Instagram фойдаланувчилари футбол юлдузининг видеомурожаатини 4,1 миллион марта кўришган ва у 1,4 миллион "лайк" ҳамда 50 минг изоҳ тўплаган.

Twitter'да эса Роналдунинг пости 60 минг "лайк"ка эга бўлиб, 50 минг марта ретвитланган. 

Криштиану Роналду Ҳалаб ва урушдан жабр кўрган бошқа шаҳарлардаги болаларга озиқ-овқат, тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш кампаниясига қўшилди.

Роналду "Болаларни қутқарамиз" (Save the Children) дастури учун суриялик болаларга видеомурожаат йўллаб, уларни ҳақиқий қаҳрамонлар дея таърифлаган. 

"Салом, бу Суриядаги болалар учун. Биз сизнинг азобланаётганингизни биламиз. Мен жуда машҳур футболчиман, лекин ҳақиқий қаҳрамонлар - сизлар. Умидингизни сўндирманг - бутун дунё сиз билан! Биз сиз учун қайғуряпмиз. Мен сизлар биланман!", - деди футболчи. 

Роналдунинг сўзларига кўра, барча маблағлар Суриядаги оилаларга ўтказилади.