БМТ бош котиби Пан Ги Мун Жанубий Корея мухолифатининг собиқ етакчиси Мун Чжэ Инни бироз фарқ билан ортда қолдирмоқда. Республикада ўтказилган ижтимоий сўров натижалари шунга далолат қилмоқда. Бу ҳақда RealMeter агентлиги хабар қилган.

Маълумотларга кўра, БМТ бош котиблиги лавозимини 31 декабрда тарк этадиган Пан Ги Муннинг мамлакат фуқаролари орасидаги обрўси бир ҳафтада 2,8 фоизга ошиб,  23,3 фоизга етган. 

Пан Ги Мун январь ойи ўрталарида мамлакатга қайтгач, келгусидаги фаолиятини мамлакат ривожига, фуқаролари фаровонлигини таъминлашга сарфлаш ниятида эканини билдирганидан сўнг, рейтинги кўтарилган эди. Унинг сўзлари Корея республикаси президентлигига номзодини қўйиши мумкинлиги сифатида баҳоланган эди. Аммо, БМТ Бош ассамблеясининг 1946 йил 24 январда қабул қилинган 11(1) рақамли резолюцияси, бош котибни ваколатлари поёнига етгач, давлат лавозимларини эгаллашдан ўзини сақлаб туришга чақиради

RealMeter томонидан ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига кўра, Мун Чжэ Инни жанубий кореяликларнинг 23,1 фоизи қўллаб-қувватламоқда. Бу аввалги рейтингдан 0,6 фоизга кам демакдир. Демократик партиянинг ҳозирги етакчиси Ли Чжэ Мён тарафдорлари 12,3 фоизни ташкил этмоқда. Давлат раҳбарлиги учун яна бир номзод, тадбиркор ва дастурчи Ан Чхоль Су 8,2 фоиз тарафдорга эга. 

Корея республикасидаги президентлик сайлови мамлакат президенти Пак Кин Хега нисбатан импичмент қўлланилгани туфайли муддатидан аввал ўтказилади. Мамлакат парламенти 9 декабрда Пак Кин Хега дугонаси Цой Сун Силь билан боғлиқ коррупция можаросига аралашиб қолгани сабабли ишончсизлик билдирган эди. Эндиликда, президент тақдирини Конституциявий суд ҳал этиши керак. Шундан сўнг, янги президентлик сайлови ўтказилади.