Ўтган ҳафтада Туркия ҳукумати мухолифатчи Фатҳулла Гуленнинг ташкилоти билан боғлиқликда гумон қилинган 1096 кишини ушлади. Улардан 426 нафари ҳибсга олинган, деб хабар берди 26 декабрда Туркия ички ишлар вазирлигига иқтибос келтирган ҳолда Hürriyet Daily News нашри.

Вазирлик хабарида айтилишича, мамлакатда тақиқланган Курдистон ишчи партияси тарафдорларига қарши операциялар давомида 508 киши ушланган, улардан 78 нафари ҳибсга олинган. ИШИД билан алоқадорликда гумон қилиниб 78 киши ушланган, улардан 12 нафари ҳибсга олинган.

Таъкидланишича, мамлакат хавфсизлик кучлари бир ҳафта ичида 220 та аксилтеррорчилик операцияси ўтказган, улар давомида 4 нафар жангари йўқ қилинган.