“Uzsanoatexport” АЖ (Ўзбекистон) ва KASB Group (Покистон) ўзбек-покистон савдо уйини ташкил этиш бўйича келишувни имзолади. Ҳужжат Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Улуғбек Розукулов раҳбарлигидаги делегациянинг Покистонга ташрифи доирасида имзоланган, деб ёзмоқда UzDaily.uz сайти.

“Uzsanoatexport” бошқаруви раиси Эркинжон Юнусов ва KASB Group раиси Шаҳид Ҳакан Аббосий ҳужжатга имзо қўйишган. 

Мазкур битим доирасида Ўзбекистон Покистонга илғор қишлоқ хўжалиги техникалари ва ускуналарини етказиб беради.
 
KASB Group компанияси, ҳозирда, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахта териш машиналарини Покистон далаларига кенг жорий қилишни йўлга қўйган. 

Покистон компанияси, шунингдек, пахта ва буғдой етиштириш учун зарур бўлган техникаларни харид қилишни режалаштирмоқда. KASB Group Ўзбекистон техникаларини лизинг орқали сотишни йўлга қўяди.