Сурия президенти Башар Асад ва унинг оиласи Рождество байрами муносабати билан Дамашқ яқинидаги Саидноя аёллар монастиридаги етим болалар бошпанасига ташриф буюришди. Бу ҳақда давлат раҳбари девони раҳбари ўзининг Twitter’даги саҳифасида хабар қилди.

Маълумотларга кўра, Асад ва унинг рафиқаси Асма болалар билан илиқ суҳбатлашишган ҳамда уларга совғалар улашишган. Монастир бошлиғи олий даражадаги меҳмонларга бундай ғамхўрлик учун миннатдорчилик билдирди.

Саидноя монастири Яқин Шарқдаги христиан динига мансуб кишиларнинг йирик зиёратгоҳи саналади. У ерда биби Марям иконаси (VIII аср) сақланади. Сурияда 2011 йилда можаролар бошланишига қадар бу ер Қудусдан сўнг иккинчи энг йирик зиёратгоҳ эди.

Президент Асад ва унинг рафиқаси эса анъанага кўра диний ва миллий байрамлар вақтида мактаблар, касалхоналар ва етимлар бошпанасига боришади. Сурияда уларнинг ташаббуси билан уруш ногиронлари ва уларнинг оиласига ёрдам дастури амалга оширилмоқда.