Болгариянинг амалдаги президенти Росен Плевнелиев Frankfurter Allgemeine Zeitung'га берган интервьюсида Москвани турли йўллар билан Евроиттифоқдаги вазиятни беқарорлаштиришга уринаётганликда айблади. Deutsche Welle шу ҳақида хабар берди.

"Москва кўп бор Европа Иттифоқидаги вазиятни беқарорлаштиришга уринмоқда", - деди у. 

Болгария президентининг сўзларига кўра, "Россия томон Болгария ҳамда бошқа ЕИ мамлакатларида аксилевропа партиялари ва ОАВни молиялаштираётганига ишора қилувчи белгилар кўп". 

Плевнелиев Россия шу тариқа СССР каби мақсадга эришишга уринаётганини таъкидлади: "Европани заифлаштириш ва демократик қадриятлар ҳамда қонун устуворлигига шубҳа уйғотиш".

Президент Евроиттифоқ аҳолиси нималар рўй бераётгани ҳамда Россия тарғиботи айнан нимага йўналтирилганини билишлари кераклигини таъкидлади.