Қирғизистондаги “Ота Макон” фракцияси раҳбари Амурбек Текебаев давлат миллий хавфсизлик қўмитаси етакчиси Абдил Сегизбаевни жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда депутат Бишкекдаги матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради Knews.Kg.

Унинг сўзларига кўра, у аввалроқ ДМХҚга Белиздаги апостиллар бўйича материаллардан нусхалар тақдим этишни сўраб мурожаат қилган. Бироқ маҳкама бунга рад жавобини берган. Улар тезкор-қидирув фаолияти ҳақидаги қонун билан буни изоҳлашган. Бу қонунга кўра, Сегизбаев махфий маълумотларни ошкор этиши мумкин эмас.

Маълумот учун, ДМХҚ раҳбари Абдил Сегизбаев 2016 йилнинг 14 ноябрь куни президент Алмазбек Атамбаевни Белиз давлат органларидан апостилларни олгани ҳақида хабардор қилган. Улар уч юқори лавозимли амалдорларни ўша пайт миллийлаштирилмаган «Альфа Телеком» ЁАЖ акцияларининг бир қисмининг сотилишидан тушган 50 миллион доллардан манфаат кўрганидан далолат беради.

Президент девони томонидан тақдим этилган ҳужжат фотосуратларида «Ота Макон» фракциясидан бўлган уч депутат — Амурбек Текебаев, Алмамбет Шикмаматов ва Аида Салянованинг исмлари кўрсатилган.