«Лукойл» компаниянинг хориждаги қазиб олинувчи активларини бошқариш билан шуғулланадиган «Лукойл Оверсиз» компанияси тузилмалар фаолиятини қайта кўриб чиқди. Бу ҳақда нефть компания раҳбари Вагит Алекперов «Известия» нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган.

Унинг сўзларига кўра, хориждаги бўлинмадан учта асосий бошқарув маркази ажратилди: Дубай, Хьюстон ва Тошкент.

«Ҳаммаси деярли якунига етказилмоқда. Бизда эндиликда учта алоҳида ҳудуд бор: Хьюстон, Дубай ҳамда Ўзбекистон», - деди Вагит Алекперов.

Маълумотларга кўра, Тошкентдаги офис Ўрта Осиёдаги бизнесни бошқариш билан шуғулланади. «Лукойл» Ўзбекистонда маҳсулот тақсимоти бўйича битим асосида ишлайди. «Ўзбекнефтегаз» компаниянинг лойиҳалар бўйича стратегик шериги саналади. 

Хьюстондаги қароргоҳ эса Америка ва Мексикадаги фаолиятни тартибга солиш билан шуғулланади.

«Лукойл» эгаларидан бири Леонид Федуннинг нашрга аниқлик киритишича, тузилмаларни қайта кўриб чиқиш бугунги кундаги бозор талаблари асосида амалга оширилган.

Газета маълумотларига кўра, компания хориждаги барча қайта ишлаш жараёнини Венадаги бошқарув офисига бирлаштирди.