2016 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларига киритилаётган сармоялар даромадлилиги бўйича табиий газ ёки нефтга киритилаётган сармоялар кўрсаткичига тенглашди. Бутунжаҳон иқтисодий форуми ахборотномасига кўра, қайта тикланувчи энергия манбалари (уларни ўрнатиш харажатлари билан бирга) кўмир ёки табиий газга сарфланган сармоядан кўра арзонроқ электрэнергияни олишга имкон берган, деб ёзмоқда qz.com.

Бутунжаҳон иқтисодий форуми инфратузилмалар ва тараққиёт департаменти вакили Майкл Дрекслернинг айтишича, қуёш панеллари каби муқобил энергия манбалари, эндиликда, тижорий жиҳатдан узоқ муддатли, барқарор ва инфляциядан ҳимояланган даромадли сармоядир. 

2016 йили АҚШда ҳар дақиқа 125 та янги қуёш панели ўрнатилган. Бу ўтган йилгидан икки марта тезроқдир. Умуман, қуёш панеллари ёрдамида 9,5 гигаватт электроэнергия ишлаб чиқилган. АҚШ Қуёш энергетикаси ассоциацияси эса бу рақам 11,2 гигаваттни ташкил этганини таъкидламоқда. Бу бир миллион аҳолига эга иккита шаҳарни, барча саноат корхоналари билан бирга электрэнергияси билан таъминлашни англатади.
 
Бироқ, БМТ маълумотларига кўра, қайта тикланувчи энергия манбаларига киритилаётган сармоялар етарли даражада эмас. 2016 йилда бу рақам 285 миллиард долларни ташкил этган. Углеводородларнинг иқлим ўзгариши салбий таъсирини сезиларли камайтириш учун муқобил энергияни ривожлантириш учун киритилаётган сармоя 1 трлн долларни ташкил этиши керак.