Куба халқ ҳокимияти Миллий ассамблеяси Куба инқилоби етакчиси Фидель Кастро номи билан жамоат жойларини номлашни тақиқлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилмоқда

Бироқ, янги қонун маданият арбобларига инқилобчи образидан мусиқа, адабиёт, рақс ва кинода фойдаланишни тақиқламайди. Унинг суратлари таълим масканлари ва давлат идораларида бўлиши ҳам мумкин.

Давлат раҳбари Рауль Кастронинг сўзларига кўра, команданте хотирасига ҳурмат бажо келтиришнинг энг яхши усули — бу унинг инқилоб концепциясига риоя қилишдир. 

Фидель Кастро ҳар доим шахсга сиғинишга қарши эканини таъкидлаб келган. Аммо, танқидчилар, ҳаётда бунинг акси бўлганини таъкидлашади. Унинг сўзлари мамлакат бўйлаб барча жойда осиғлиқ туради. Унинг исми ҳар бир оммавий йиғинда ёдга олинади. 

Инқилоб етакчиси Фидель Кастро 25 ноябрда узоқ хасталикдан сўнг ҳаётдан кўз юмган эди. Шу муносабат билан Кубада тўққиз кунлик мотам эълон қилинди. Команданте жасади ёқилиб, унинг ҳоки солинган идиш Сантьяго-де-Куба шаҳридаги қабристонга дафн этилди.