Исроил бош вазири Янги Зеландия ташқи ишлар вазири Маррей Маккаллини Исроил Фаластинда қуриш ишларини олиб боришни тақиқловчи аксилисроил резолюцияси учун овоз беришни "уруш эълон қилиш" каби қабул қилишидан огоҳлантирган. Бу ҳақда Исроилнинг Haaretz нашри маълум қилди

Нашр маълумотларига кўра, Исроил ҳукумати раҳбари Маккаллига БМТда ушбу резолюция бўйича овоз беришдан бир неча соат аввалроқ телефон қилган. Нашрнинг маълум қилишича, суҳбат "кескин тарзда" ўтган. "Агар сиз бу можароли қарорни қабул қилсангиз, биз буни уруш эълон қилиш деб қабул қиламиз. Биз Янги Зеландия билан алоқаларни узиб, элчимизни қайтариб оламиз", деб айтган Нетаньху.

Суҳбат кескин ўтганига қарамасдан, Маккалли резолюция "мамлакат сиёсатига мос келишини ва шунинг учун қўллаб-қувватланишини" айтган.

Нашрнинг келтиришича, Исроил ташқи ишлар вазирлигидаги юқори лавозимдаги амалдор Янги Зеландиянинг БМТдаги вакилига таҳдид қилган ва Исроилнинг Веллингтондаги элчихонаси ёпилишини айтган. Нашрнинг фикрича, бу ҳолат Исроил раҳбариятининг БМТ Хавфсизлик кенгашида резолюция бўйича овоз бериш олдидан саросимага тушиб қолганидан дарак беради.