mobile.de немис порталида, сотувчининг таъкидлашича, Россия президенти Владимир Путин томонидан ишлатилган Mercedes-Benz Guard Pullman S600 (W140) лимузини сотилиши ҳақида эълон пайдо бўлди. Зирҳланган "олти юзинчи" моделдаги "Мерседес"нинг нархи 1,3 млн еврони ташкил қилади. 

1995 йил ишлаб чиқарилган лимузин B6/B7 ҳимоя синфларига жавоб беради. Бу автомобиль Калашников автомати ва снайпер милтиқларидан ўқ отишларга бардош бера олишини англатади. Машина 400 от кучига эга 6 литрли, V12 мотори билан ҳаракатга келтирилади. Машина юриб ўтган йўл 25 минг км ни ташкил қилади. 

2017 йилда Россия ҳукуматининг алоҳида муҳимликдаги гаражига "Кортеж" лойиҳасининг илк автомобиллари етказилиши керак. Бу лойиҳа доирасида Россия сиёсий элитаси учун седан, йўлтанламас ва минивэн яратилмоқда. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида президент лимузини ҳам тайёрланади. Ишлар Автомобиль ва автомотор марказий илмий-тадқиқот институти кўмагида олиб борилмоқда. Машиналарни серияли тарзда ишлаб чиқариш Sollers корхонасида йўлга қўйилмоқчи. 

Аввалроқ интернетда бўлғуси президент лимузини асбоблар панели сурати пайдо бўлганди, 2016 йил ёзда институт лимузиннинг 860 от кучига эга, 12 цилиндрли двигателини тақдим қилганди. Декабрда ҳукумат машиналари учун логотип вариантлари намойиш қилинганди.