Швециянинг Tefficient оператори статистикасига кўра, Финляндия смартфонлар энг кўп ишлатилувчи давлат экан. Бу ҳақда Phys.org хабар бермоқда

2016 йил 1-ярмида финлар Tefficient томонидан тузилган, Европа ва Осиёнинг 32 давлатидан иборат рейтингда 2-ўринни эгаллаган Жанубий кореяликлардан 2 марта кўпроқ мобиль телефондан фойдаланганлар. Бу вазиятдан хавотирланган Хельсинки соғлиқни сақлаш департаменти кичкина болалар ота-оналарини устувор йўналишларини ўзгартиришга чақирувчи кампанияни бошлади. Кўплаб ота-оналарнинг жаҳлини чиқарган видеороликда қора қарға қизчанинг онаси смартфонга тикилиб ўтирган пайтда, қизчани пляждан олиб кетади. Ундаги шиор қуйидагича янграйди: "Масъулиятсизлик – замонавий зўравонлик". Бу билан муаллифлар баъзи оналар фарзанди билан ўйнаш ўрнига смартфон билан ҳаддан кўп вақт ўтказишларини, оталар эса умуман фарзандларининг ҳаётида иштирок этмасликларини таъкидламоқчи бўлганлар. 

Финляндиядаги энг йирик оператор Elisa’нинг вакили фикрича, финляндиялик ота-оналар ўз ўсмир фарзандлари изидан бориб, уларнинг смартфонда ижтимоий тармоқлардаги янгиликларни варақлаш ёки видеони кўриш одатларини ўзлаштирмоқдалар. Финляндияда 5,5 млн аҳоли бўлган бир пайтда мобиль операторлар тариф режаларига уланганлар сони 10,9 млнни, яъни бир кишига 2 тани ташкил қилмоқда.