Турк ОАВ: АҚШ Суриядаги террорчиларга қурол-яроғ етказиб беришни фаоллаштирди

Жаҳон 28 Декабрь 2016 10509
Фото: Anadolu

АҚШ Курдистон ишчи партиясининг Суриядаги қаноти PYD жангариларига қурол-яроғ етказиб беришни фаоллаштирди. АҚШ вакилларининг баёнотларига қарамай, Сурия шимолидаги Ҳасека вилоятига сўнгги икки ҳафта давомида уч бора америка қурол-яроғи етказиб берилган. 

АҚШнинг Анқарадаги элчиси Жон Басснинг турк журналистларига маълум қилишича, Вашингтон PYD’га тўғридан-тўғри кўмак бермаяпти.

Бироқ, «Анадолу» агентлигининг маълумотларига кўра, америка элчиси баёнот берган куни ҳам Сурия шимолидаги Румайлан аэродромида бортида қурол-яроғ бўлган самолёт қўнган. Уларни АҚШ қуролли кучларининг вертолётларига олиб ўтиб, мамлакатнинг бошқа туманларига жўнатишган.

«Анадолу» манбаларининг хабар беришича, Сурия шимолига сўнгги бор энг йирик қурол етказиб бериш 27 декабрь куни кечқурун рўй берган.

Бундан ташқари, Ироқ шимолидаги Эрбиль туманидан ўнлаб юк машиналари йўлга чиқиб, улар Суриянинг PYD жангарилари назоратида бўлган туманларига етиб келган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған эса куни кеча АҚШ бошчилигидаги халқаро коалицияни Суриядаги террорчиларни қўллаб-қувватлашда айблаганди. Унинг сўзларига кўра, Анқарада бунга етарлича исботлар бор.

Кўпроқ янгиликлар