Tribuna.Uz қишки трансферлар вақтида барчанинг диққат марказида бўлиши ва мавсум трансферига айланиши кутилаётган Хамес Родригеснинг Мадридда нега ўйнаб кета олмаганини таҳлил қилиб кўрди.

2014 йилнинг ёзида футбол мухлислари ёш ва шиддатли бу футболчини ёқтириб қолишди. У Бразилиядаги мундиалда терма жамоасини елкасида чорак финалга қадар олиб чиқди. Бу колумбияликларнинг ўз тарихидаги энг ёрқин турнири бўлди ва Хамес Родригес миллий қаҳрамон даражасига кўтарилиб, сардорга айланди.

Бу ёш йигит Франция чемпионатида тўп сурарди, аммо у Уругвай дарвозасига қойилмақом қилиб гол ургач, уни «Реал» президенти Флорентино Перес кўз остига олди ва тез орада «Монако»дан 80 млн еврога трансфер қилди.

Шундай қилиб, у 23 ёшида «Сантьяго Бернабеу»га келди ва 10 рақамли футболкани кийди.

Ўша вақтда жамоани бошқарган Карло Анчелотти бу трансфер ўзининг ташаббуси эмаслигини бот-бот таъкидлади. Бразилиядаги чемпионатда олтин бутса билан тақдирланган футболчи «Реал» учун илк ўйинини шу оёқ кийимларда ўтказди ва иккинчи учрашувида «Атлетико» дарвозасига гол ҳам урди. Барчаси силлиқ кета бошлаётганди.

Примерадаги 2 йилда (61 ўйин) Хамес 21 гол урган ва 23 голли узатма муаллифи бўлган (барча турнирларда: 94/27/37). Рақамлар барчаси яхши эканини айтмоқчи бўлади, аммо аслида барчаси тескари кетди. 

Анчелотти даврида Хамес тез-тез майдонда кўриниш берар ва мутахассислар бир фикрни такрорлашарди: бу йигит бошланғич таркиб учун муносиб.

Кейин нима бўлди?
Анчелотти «Реал» билан кетма-кет иккинчи марта Чемпионлар лигаси ғолиби бўлишни уддалай олмади, жамоа ярим финалда «Ювентус»дан енгилди. Бунинг учун Перес тажрибали мутахассисни ишдан бўшатди, у ўтган мавсумдаги ғалабаларни етарли деб билмаганди.

Итальян мураббий кетишидан кейин унинг ўрнини Рафаэль Бенитес эгаллади. «Реал-Мадрид Кастилье»да ишлаган ва аср бошида Висенте Дель Боскега ёрдамчилик қилган бу қайсар мураббий жамоада ҳеч ким авторит бўлмаслигини биринчи кунданоқ эълон қилди. У бу гапи Криштиану Роналдуга ҳам тааллуқли эканини айтди ва ўзига "душман" орттирди.

Бенитес Хамесга машғулотларга кечикишга ҳаққи йўқлигини, сира ҳаққи йўқлигини уқтирди.

Хамес эса бир куни машғулотга шошиб, полиция билан чинакамига «Форсаж» фильмидан парча ижро этади. У тезликни оширган, уни патруль автомобили тўхтатмоқчи бўлганида эса футболчи тезликни янада оширишга қарор қилган.

Бу ҳақда кейинроқ, Бенитес кетганидан кейин маълум қилинди. «Реал» эса ўша вақтдаёқ футболчини жазолашга қарор қилди, Хамес «Реал»нинг асосий таркибидан тушиб қола бошлади. Бенитес эса Хамеснинг машғулотларга муносабатидан норози бўлишда давом этган.

Ноябрь ойида Хамес терма жамоасининг Чилига қарши ўйинида иштирок этади ва гол уради. Ўйиндан кейин эса матбуот орқали испаниялик жанобга мурожаат қилади: «У мен ёмон спорт формасида эканимни айтмоқдами?».

Ундан кейин нима бўлди?  

Январда Рафаэль Бенитес истеъфога жўнатилди. Ўшанда Хамес Родригесдан кўра бахтиёрроқ инсонни топиш қийин эди. Аммо, ҳаёт шуни кўрсатдики, хурсанд бўлишга эрта эди…

Мадридликлар билан 2 марта ЕЧЛ ғолиби бўлишга улгурган Зайнидин Зидан Хамесни «Барселона»га қарши ўйинга туширмади. «Атлетико» билан ўйинда эса футболчи 83-дақиқага келибгина майдонда пайдо бўлди. 80 миллионга харид қилинган Хамеснинг соғлиги жойида эди, аммо Зидан ўз принципларига оғишмай амал қилишда давом этиб, уни захира ўриндиғида қолдиришни канда қилмасди.

Француз мураббийи ёш Лукас Васкесга кўпроқ ишонч билдирар эди. 

Зидан ҳам Бенитес каби Хамеснинг машғулотлардаги ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилмаган. Аммо французнинг энг жаҳлини чиқарган сабаб бошқа эди. Испания чемпионати доирасидаги ўйинлардан бири вақтида Зидан Хамесга чигалёзди машқларини бажаришга жўнатади. Аммо, Хамес мураббийнинг талабини бажармасдан, захира ўриндиғида қолишга қарор қилган. Маҳаллий журналистларнинг ёзишига кўра, Зиданни ҳаммасидан ҳам кўра «Реал» Германияда «Вольфсбург»га 0:2 ҳисобида ютқазаётганида Хамес захира ўриндиғида кулиб ўтиргани кўпроқ аччиқлантирганди.

Америка Кубогидаги муваффақиятлардан кейин колумбияликлар сардори яна тилини тийиб тура олмади: «Мен терма жамоада эканимда буткул бошқа муҳитда бўламан, бу ерда барча менга янада яхшироқ ўйнашимга ёрдам беришга ҳаракат қилади». Ёки «Мен терма жамоа учун бир оёқда қолсам ҳам ўйнашда давом этаман, бу ерда жуда бахтлиман». Ҳа, Мадридда унинг эгоизмини қабул қилишмади, Мадридда бошқа бир эгоистнинг кўнглига қарашади.

Қолаверса, Копа Америкада Колумбия  ярим финалда турнирни тарк этди, Хамес клуб ихтиёрига турнир финалида ўйнаган ва таътилини қисқартирган (1 ҳафтага) Месси «Барселона»га қайтганидан кейинроқ келиб қўшилди. Хамеснинг жамоадошлари Матео Ковачич, Альваро Мората ва Лукас Васкес ҳам таътилларини қисқартириб, клубга қайтганди. Хамес эса бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмади.

Ёзда француз мураббийи журналистларга айтдики, у Германиядаги воқеа туфайли агенти орқали «Реал» раҳбариятига шантаж қилишга уринган футболчиси билан яхши муомала қилишда давом этади. Лекин янги мавсумда ҳам Хамес асосий таркибга киритилмади.

Ҳозирда Колумбия терма жамоаси футболчиси учун ҳеч нарса ўзгармаган. 

Зиданнинг тактикасида майдон марказида ярим ҳимоячилар учбурчаги ҳосил қилинди: Каземиро (ҳимоячиларга кўпроқ қарашувчи), ўйин ижодкори Лука Модрич ва Тони Кроос (қанотларда кўпроқ ҳаракат қилиб, ўйин динамикасига масъул). Бу эса Хамесга ҳожат қолдирмасди. Бу учликдан қайси биридир сафдан чиқса, захира сифатида Ковачич, Марко Асенсио ва Искодан фойдаланиларди.

Хамесга ҳужум чизиғидан ҳам жой топилмади. Зидан ҳужумда Моратани, Лукас Васкесни ва ҳатто Мариано Диасни ўйнатди, лекин Хамесни эмас.

Хамеснинг ўрнини айнан Лукас Васкес олиб қўйди.

Хамес бу мавсумда Мадрид дербисида 7 дақиқа ўйнади; 2016/17 мавсумда эса жами бўлиб Ла Лиганинг 8 учрашувида (фақат 4тасида бошланғич таркибда) қатнашди. У фақат Қирол Кубоги турнирида 2та тўлиқ ўйин ўтказиб, учинчи дивизион вакили «Леонеса»га қарши ўйинда 1та гол урди ва 4та голга пас берди.

Ҳозирда, қишки трансферлар даричаси очилиши арафасида Мадридда икки шахс бир масала бўйича муроса қила олмаяпти: Улардан бири — жуда таъсирли шахс, иккинчиси — ҳурматли. Хамеснинг кетиши ёки қолиши масаласи Пиринейни Зидан ва Перес тарафдорларига ажратди, президент футболчининг қолиши, Зизу эса кетишини истамоқда.

«Реал» клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаги ғалабани нишонлай бошлаган паллада Хамес ўзини Колумбиядадек ҳис қилди ва яна "оғзидан гуллади". У журналистга берган интервьюсида «Сантьяго Бернабеу»даги тақдири мавҳум қолаётганини айтиб, деди: «Бу ерда мен бахтиёрман, аммо кўпроқ ўйнашни истайман; менда таклифлар ва уларни ўйлаб кўриш учун 7 кун бор».

Шундан сўнг, AS нашри ўқувчилари ўртасида ўтказилган сўровномада иштирок этган мадридлик мухлисларнинг 70 фоизи Хамеснинг кетишини истаётганини билдирди. Эҳтимол, овоз берганлар орасида Зидан, Лукас Васкес, Асенсио, ҳамда бошқа чемпионатлардаги 5та клуб вакиллари ҳам бўлгандир.

Колумбиядаги нашрлар Хамес Англияда ишлаш учун виза олишга тайёрланаётгани ҳақида ёза бошлади, кўп ўтмай футболчини сотиб олишга Франция ва Италиядаги жамоалар қизиқиш билдираётгани маълум бўлди.

Ҳозирча вазият шундай:

— Жорже Мендеш (футболчининг агенти) «МЮ» билан яхши муносабатда. Унинг мижози Жозе Моуриньо эса жамоанинг марказида дунёнинг энг қимматбаҳо футболчисига шерик қўйишга қарши бўлмайди.

— Шу билан бирга Хамесни Погбага шерик сифатида эмас, унинг ўрнига сотиб олишлари ҳам мумкин. «Ювентус» франциялик футболчини сотгач, «ўнлик» бўш қолган. Уларга дарвозага узоқдан аниқ ва кучли зарба йўлловчи оёқ етишмаяпти. 

— Туринликларнинг собиқ бош мураббийи Антонио Конте Роман Абрамовичдан «Челси» ярим ҳимоясини кучайтириш учун маблағ олиши маълум. Оскар Хитойга кетди, Фабрегас ҳам бошқа жамоага ўтиб кетиши кутилмоқда.

— «Интер» хитойлик инвесторлар пулига янги давр бошламоқчи. Бу жамоа ҳам Хамесни ўз сафида кўришни истаётганлар сафида.

— Трансферлар ҳақида гап кетганида «ПСЖ»ни ташлаб ўтиш амри маҳол. Колумбиялик футболчи Францияга қайтиши мумкин, Париждаги шайхлар унинг учун барчадан кўпроқ пул тўлай олади.

Хамес бу таклифлардан бирини қабул қилса, ўйин амалиётига эга бўлади, бу жамоаларнинг ҳар бири еврокубокларда қатнаша оладиган жамоалар.

Ҳозирда бу футболчи учун энг муҳим паллалар. Бир йил олдин Зидан ундан воз кечганди.

Колумбиялик ёқимтой бу жамоадан кетмоғи даркор. Мухлислар уни соғинишган.