Ташқи дунёга мавҳум бўлган Шимолий Кореяда замонавий технологиялардан фойдаланувчи инсонларнинг оз бўлса-да, мавжудлиги маълум бўлди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда ташқи дунёдан чегараланган интернетдан фойдаланувчи 7 мингдан ортиқ киши қайд этилган. Бунда компьютерлар "Қизил юлдуз" номи остидаги махсус ОС Linux версияси бошқарувида ишлайди. Яқинда бутун дунё хакерлари конгрессида шимолий кореяликлар фойдаланувчи Woolim планшети кўрсатилди. MotherBoard нашри шу ҳақида маълум қилди.

Android-қурилма контрабанда медиафайлларини ишлашни рад этади, фойдаланувчининг ҳаракатларини кузатади ва тарғибот платформаси сифатида қўлланади. Планшетда PDF форматидаги қурилмадан фойдаланиш йўриқномаси, баъзи тарғибот китоблари, француз, рус ва хитой тиллари луғатлари, шунингдек бироз ўзгартириш киритилган Angry Birds ўйини бор. Woolim маҳаллий интернет ва телевидениега улана олади, бироқ унда симсиз Bluetooth ва Wi-Fi модуллари йўқ. 

Фойдаланувчи фақат муайян турдаги файллар, масалан матнли ёки HTML-саҳифаларни ишга тушириши мумкин. Ҳар сафар бирор бир илова ишга туширилганда тизим автоматик равишда скриншот олади ва уни сақлаб қўяди (уни ўчириб бўлмайди). 

2015 йилдан буён Хитойнинг Hoozo компанияси Шимолий Корея ҳукумати буюртмаси бўйича планшетларни етказиб беради. Woolim'ни харид қилишга фақат бадавлат кишиларнинггина қурби етади, чунки Шимолий Кореяда 170-220 долларли техникани ҳар ким ҳам қўлга кирита олмайди.