Мутлақ жанг чемпионати (UFC) раҳбари Дэйн Уайтнинг баёнот беришича, аралаш услуб бўйича россиялик жангчи Ҳабиб Нурмагомедов бўш чемпионлик камари учун бразилиялик Жозе Альдо билан курашдан бош тортган. Уайт сўзларидан Foxsports иқтибос келтирган.

Аввалроқ, Альдо MMA Fighting порталига интервью бериб, UFC унга рақиб қидираётганини айтган эди. Бразилиялик спортчининг сўзларига кўра, UFC жангчиларидан бири куч синашишдан бош тортган, чунки ўша жангчининг отаси бу жангни маъқул кўрмаган. Кейинчалик, Нурмагомедовнинг ўзи Instagram ижтимоий тармоғида жангдан бош тортгани ҳақидаги хабарни рад этди. 

"Альдо Ҳабиб (Нурмагомедов)га қарши жанг қилишни хоҳлади. Аммо, Ҳабибнинг отаси ўғлининг у билан жанг қилишини хоҳламаяпти. У ўғлининг бироз вақт дам олишини истаган. Бироқ, Нурмагомедов ва Альдо жангини ўтказиш яхши ғоя, зўр жанг бўлади", - деган Уайт.

Бундан ташқари, россиялик жангчининг эҳтимолий рақиби Тони Фергюсон ҳам молиявий шартлар сабаб жанг ўтказишга рози бўлмаслиги мумкин. Режага кўра, Фергюсон ва Нурмагомедов жанги 2017 йил мартида Лас-Вегасда бўлиб ўтиши керак. 

28 ёшли Нурмагомедов ММА услубидаги жангларда бирор марта мағлуб бўлмаган. У жами 24 марта ғалаба қозонган, шундан 16 тасида муддатидан аввал рақибини мағлуб этган.