Ҳомиладорликнинг сўнгги уч ойида балиқ ёғини истеъмол қилувчи аёлларда болани астма билан туғиш хавфи камаяди. Даниядаги Копенгаген университети олимлари шундай хулосага келишди. Тадқиқот натижалари New England Journal of Medicine журналида чоп этилди. 

Тадқиқотда 736 нафар аёл иштирок этди. Ҳомиладорликнинг сўнгги уч ойида уларнинг ярми кунига 2,4 граммдан балиқ ёғини истеъмол қилган, қолган ярми эса - плацебони. Балиқ ёғини истеъмол қилган аёлларнинг фарзандлари орасида астмага йўлиққанлар 17 фоизни ташкил этди, плацебо истеъмол қилган аёллар орасида эса бундайлар деярли 24 фоизни ташкил қилди. 

Тадқиқот аёллар ва болаларга ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмаган бўлса-да, олимлар ҳомиладор аёлларга ҳозирча балиқ ёғини тавсия қилишмаяпти. Бунга тажрибада қўлланган доза америкаликларнинг одатий дозасидан 15-20 баробар кўп бўлганлиги сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, тадқиқотни яна бир бор камроқ дозада ва ҳомиладорликнинг илк муддатларида такрорлаб кўриш керак.