Рио-де-Жанейро полицияси Грециянинг мамлакатдаги элчиси Кириакос Амиридиснинг жасадини топилганини маълум қилди. Элчи 3 кун аввал турмуш ўртоғи билан дам олаётган вақтида бедарак йўқолган. Globo телеканали хабарига кўра, дипломатик ходим жасадининг тахминий қолдиқлари Амиридис ижрага олган, ёниб кетган автомобиль ичида бўлган. 

Манбага кўра, машина 59 ёшли элчи ғойиб бўлган Нова-Игуасу муниципалитетидан топилган. Элчининг шахсини тасдиқлаш учун суд-тиббиёт экспертизаси ўтказишга тўғри келади. 

Кириакос Амиридиснинг йўқолгани ҳақида 28 декабрь куни унинг турмуш ўртоғи хабар берган. Аёлнинг сўзларига кўра, унинг эри аслида 26 декабрда ғойиб бўлган: у хотини савдо марказида пайтида унга қўнғироқ қилиб, кетишини айтган, бироқ қаерга ва неча кунлигига ойдинлик киритмаган.