Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев 2016 йил 24 декабрда Ўзбекистонга ташрифи давомида унга кўрсатилган самимий қабул ва меҳмондўстлик учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди.

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

2016 йил 24 декабрь куни қардош Ўзбекистон Республикасига ташрифим давомида менга ва Қирғизистон делегациясига кўрсатилган самимий қабул ва меҳмондўстлик учун чин қалбимдан миннатдорлик изҳор этаман.

Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланганининг юбилей санаси куни бўлиб ўтган музокараларимиз ва очиқ фикр алмашганимизни мамнуният билан эслайман. Ишончим комилки, ўзаро ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришнинг йўналишларини белгилаб олиб, бу борада тўлиқ англашувга эришдик. Бу халқларимиз фаровонлиги йўлида юқорида тилга олинган шартномага янги ҳаёт бағишлайди. 

Учрашувимиз якунида эришилган келишувлар ўзаро муносабатларимизнинг барча масалаларини, жумладан, аввал биз муросага келолмаган масалаларни ҳам ҳал қилиш имконини беради. Мамлакатларимизнинг тегишли давлат идоралари олдида ушбу келишувларни қисқа муддатда амалга ошириш борасида катта ва масъулиятли вазифалар турибди. Бу ишлар муваффақиятли бажарилишига ишонаман.

Сизни яна бир бор ишонтириб айтаманки, Қирғизистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси билан дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган муносабатларни янада мустаҳкамлаш йўлида собит туради. 

Фурсатдан фойдаланиб, Сизни ва бутун Ўзбекистон халқини янги – 2017 йил билан самимий табриклайман!

Сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистон янги йилда иқтисодиёт ва жамиятни янада юксак суръатлар билан ривожлантиришга эришади, деб ишонаман.

Муҳтарам Шавкат Миромонович, Сизга мустаҳкам соғлик, давлат раҳбари сифатидаги фаолиятингизга куч-қувват, муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига Сизнинг Президент этиб сайланганингиз билан боғлиқ барча эзгу мақсадлари рўёбга чиқишини, тараққиёт ва фаровонлик тилайман.

Сизни янги йилда ўзингизга қулай вақтда Қирғизистон Республикасига расмий ташриф билан келишга таклиф этаман.

Ҳурмат билан,
Алмазбек Атамбоев, 
Қирғизистон Республикаси Президенти