Мадридда жуфт ва тоқ автомобиль рақамлари тамойилига кўра шаҳар марказига кириш чеклаб қўйилди. The Guardian нашри маълумотларига кўра, бундай амалиёт Испанияда биринчи марта татбиқ қилинмоқда. Ҳукумат шу тариқа ҳавонинг юқори ифлосланганлик муаммосини ҳал қилмоқчи.  

30 декабрдан марказга киришга тақиқлов 6:30 дан кечки 21:00гача амал қила бошлайди. Шаҳарга киришга тоқ рақамларга эга, атроф-муҳитга чиқинди чиқармайдиган ва уч ёки ундан кўпроқ йўловчили гибрид моделлар, мопед ва мотоцикллар, такси, жамоат ва махсус транспортга рухсат берилади. Қоидабузарларга 90 евро миқдорида жарима солинади.

Айни вақтда Мадридда 3,2 млн аҳоли бўлган ҳолда 1,8 млн транспорт воситаси бор.

Бу қарор ҳар кун экологик ҳолатга боғлиқ ҳолда қайта кўриб чиқилади. Ҳаво ифлосланганлигининг энг юқори "қизил" даражаси бир куб метр ҳавода 200 микрограммдан кўпроқ азот диоксиди бўлган ҳолатда киритилади. Агар тақиқлов амал қилса, унда 31 декабрда шаҳар марказига фақатгина жуфт рақамли машиналар кира олади.