Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Хусусан, фармонда иқтисодиёт ва ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳалардаги узоқ йиллик ҳалол меҳнатлари учун меҳнаткашларга, шунингдек ишламайдиган, жамиятда мустаҳкам оилани сақлаб қолган, фарзандларини катталарга ва кичик авлодга ҳурмат, жамият олдидаги масъулият, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаб ҳурмат қозонган оналарга тақдим этиладиган "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони (I, II, III даражали) таъсис этилиши белгилаб қўйилди.

Кўкрак нишони билан тақдирлаш ва уни топшириш давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, таклифи билан амалга оширилади.

Шунингдек, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари “Меҳнат фахрийси” нишони билан тақдирланган шахслар яшайдиган хонадонлар ва уй-жойлар эшикларида “Бу ерда I, II, III даражали “Меҳнат фахрийси” нишони билан тақдирланган фуқаро (Ф.И.О.) истиқомат қилади” ёзуви бўлган белги ўрнатилишини таъминлашлари ҳам белгилаб қўйилди.