Австралиянинг Лорн шаҳрида ўтган Falls Festival мусиқий фестивалида юзага келган тиқилинч оқибатида 20 ёш атрофида бўлган камида 60 киши жароҳат олди, деб хабар бермоқда Age нашри.

Нашрнинг ёзишича, 60 кишидан 19 нафари жиддий, жумладан умуртқа, бош ва юз  жароҳатлари олганлар.

Полиция маълумотларига кўра, тиқилинч фестивалга йиғилганлар маҳаллий DMA гуруҳи ўз чиқишини якунлаган ҳудуддан London Grammar британ гуруҳи чиқиши керак бўлган саҳнага ўтмоқчи бўлганда юзага келган. Оқибатда кўпчилик одамлар йиқилиб, қолган одамлар оёқлари остида қолиб кетганлар.

Жароҳатланганлар шифохоналарга етказилганлар, қолган гуруҳларнинг чиқиши тўхтатилган.
 
Нашр маълумотларига кўра, жароҳатланган ёшларнинг дарғазаб ота-оналари фарзандлари билан боғлана олишмагач, фестиваль ташкилотчиларига Facebook ижтимоий тармоғи орқали батафсил маълумот олиш мақсадида хабар юборишган, бироқ ҳозирча жавоб олишмаган.