Рио-де-Жанейро полицияси терговчиси Эваристо Понтес Магальяис Грециянинг Бразилиядаги элчиси Кириакос Амиридиснинг рафиқаси Франсуаза Амиридис элчининг қотиллигини режалаштиргани ва қотиллик ижрочиларидан бирига 80 минг реал (25 минг доллар) ваъда қилганини айтди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда

Терговчининг айтишича, ҳуқуқ-тартибот муассасаларида бундай тахмин элчи рақифасининг жазмани – Рио-де-Жанейро полициячиси Сержиу Морейра Фильяга қариндош бўладиган Эдуарду Морейра ди Меллуни сўроқ қилингандан кейин пайдо бўлган. 

"Эдуардунинг кўрсатмалари қотиллик олдиндан режалаштирилганига шубҳа қолдирмаяпти. Бундан Франсуаза Амиридис унга режани амалга оширишда амакисига ёрдам бериши учун 80 минг реал таклиф қилгани ҳам дарак бермоқда", деб айтди терговчи.

Магальяиснинг айтишича, полициячи элчининг рафиқаси билан ишқий муносабатларда бўлгани ва элчини ўлдирганини тан олган. Қотилнинг айтишича, у ўзини ҳимоя қилишига тўғри келган. Унинг айтишича, элчи у ва рафиқаси ўртасидаги алоқаларни билгач, унга мушт билан ташланган. Элчининг рафиқаси ўз айбини тан олмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, элчининг жасади Рио-де-Жанейрода ёнган автомобиль ичидан топилган. Таъкидланишича, элчи Бразилия пойтахти Бразилиадаги элчихонада ишлаган, Риога эса таътилларни ўтказиш учун келган.