Кайфият жуда кўп нарсани ҳал этади. Бирор бир хонадонда байрам дастурхони тузатилса-ю, аммо уй соҳибларининг кайфияти яхши бўлмаса, ноз-неъматлар ҳам, байрам шукуҳи ҳам бир пул бўлади.

Тасаввур қилинг, байрамни оила даврасида кутиб олишга зўр иштиёқ билан ҳозирлик кўрдингиз. Ширин таомлар пиширилди, ўзингиз ҳам байрамга монанд кайфиятда юрибсиз, аммо... Бирдан чироқ ўчиб қолди. Ана ёнади, мана ёнади, деб кутиб ўтирибсиз, бироқ... 

Бу мавзуга яна бир бор қўл уришимизга таҳририятимизга йўлланган мурожаат сабаб бўлди. Хоразмлик бир ўқувчимиз бизга қуйидаги мактубни йўллади:

“Ҳурматли Kun.uz ижодкорлари. Сизларга мурожаат қилишимдан мақсад шуки, айрим мансабдор шахслар ўз ишларини билиб бажаришмаяпти. Президентимиз “халққа газ, чироқ берайлик”, деб айтаяптилар. Аммо ҳудудларда бу ишлар зиммасида бўлган шахслар бу гапларга бепарво қарамоқда. 

Хоразм вилоятининг Хива шахрида чироқ йўқ. Бўлса ҳам икки ёки уч соат беради. Қарздорлик туфайли шундай бўляпти, десак бундай ҳолат умуман кузатилмайди. Автомобиллар ҳаракатланаётган кўчаларда светафорлар чироқ йўқлиги сабаб ишламайди. Ҳайдовчилар ўз билганича ҳаракатланишади. Одам бу йўлларда юришга қўрқади. Илтимос, мана шу мактубимни чоп этинг, зеро мансабдор шахслар ўз вазифаларини астойдил бажаришсин.

Беҳзод Аллаяров”. 

Биз мазкур масала юзасидан Хоразм электр таъминоти корхонаси билан боғланганимизда у ердаги мутахассис юқоридаги ҳолат юзасидан муаммолар борлигини тан олди ҳамда электр таъминотидаги узилишларни тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, бунга асосий сабаблардан бири ушбу вилоятдаги сув танқислиги экан. Шунингдек, байрам кунларида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун керакли кўрсатма ва топшириқлар ҳам берилгани айтилди. Бунда асосан ишлаб чиқариш корхоналари ҳисобидан аҳолини электр қуввати билан таъминлаш кўзда тутилган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, бугун шанба, бундан ташқари байрам арафаси бўлганига қарамай, биз боғланган барча ходимлар ўз иш жойларида эканлиги алоҳида таҳсинга лойиқ. 

Олинган маълумотларга кўра, кундалик ҳаётда ҳолат умуман олганда унчалик яхши эмас. Вилоятда ҳар куни босқичма-босқич 2-3 соатга чироқ ўчириб қўйилади. Мутахассиснинг сўзларига кўра, об-ҳаво янада совуқлашса бундай вақт 8-10 соатга қадар ҳам чўзилиши мумкин. Шунингдек, биз билан мулоқотда бўлган соҳа мутахассиснинг сўзларига кўра, 2017 йилда бу борада янги лойиҳалар ишлаб чиқилиши ҳамда жиддий, ижобий ишлар амалга оширилиши режалаштирилган. 

Гап фақат Хоразм вилоятида эмас. Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам истаймизми йўқми, ана шундай кўнгилсизликлар учраб турибди. Бироз тин олиб фикр юритайлик, замонавий дунёда эришилаётган энг сўнгги ютуқлар, кашфиётларнинг барчаси мана шу электр таъминотига узвий боғлиқ. Бундан келиб чиқадики, жамиятнинг ҳам, давлатнинг ҳам тараққиёти шу ҳолатга бориб тақалади. 

Давлатимиз раҳбари 2017 йилнинг мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани муносабати билан бу борада маҳаллий ҳокимлик ва бошқарув органлари олдида турган вазифаларга алоҳида эътибор қаратди. 

Байрам кунида дилни хира қилиш ниятимиз йўқ. Аммо бошқалар ҳам байрам қилишни истайди. Ўйлаймизки, келажакда бу каби муаммолар ўз вақтида ижобий ҳал этилади…

Таҳририят номидан шуни айтмоқчимизки, электр энергияси билан боғлиқ муаммолар бугун ёки кеча пайдо бўлмаган ва бу нарса фақатгина юқорида тилга олинган Хоразм вилоятида эмас, балки турли вилоятларда қишки мавсумда оз-оздан кузатиб турилади. Янги йилда ҳукуматимизда шакланган янги жамоа ўзининг янгича ёндашувлари билан масалани тезроқ ҳал этишларига ишонч билдириб қоламиз. Зеро, аҳолининг табиий эҳтиёжларини қондириш биринчи даражали вазифа бўлиб қолиши шарт. Биз эса ушбу мақола ёрдамида умумий масалани кўтаришга ҳаракат қилдик.

Шу билан бир қаторда, вилоятлардаги маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимларидан аҳолининг бу борадаги мурожаатларига жиддийлик билан ёндашиб, уларга амалий кўмак беришга чақириб қоламиз. Зеро, журналист фақатгина маълум бир тадбирларни ёритиш билан чекланиб қоладиган соҳа ходими эмас. Журналист аслида давлат ва халқ ўртасидаги воситачига айланиши лозим. 

Шу каби хат жўнатувчилар диққатига! Бундай ҳолатлар юзасидан шикоят ва мурожаатларни вилоят ҳокимлигига йўллашингиз мумкин. Агарда шундан сўнг ҳам муаммо ўз ечимини топмаса - Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига тўғридан-тўғри йўллашингиз мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг барча шаҳар ва туманларида Президент Халқ қабулхоналари ҳам тузилади.