Huawei компанияси Ўзбекистонда 16 йилдан бери фаолият олиб бормоқда. Компания асосий учта бизнес йўналишида фаолият олиб боради: булар «carrier» (мобил операторлари билан ишлаш), «enterprise» (корпоратив мижозлар билан ишлаш) ва «consumer» (мобил қурилмалар ва смартфонларни ишлаб чиқариш ва сотиш)дир. Бу ҳақда «Huawei Tech Investment Tashkent» МЧЖ ХК бош директори Ван Пен айтиб ўтди.

Унинг маълум қилишича, «Mobile Broadband» (мобил интернетни ривожлантиришга бағишланган) ва «Sloud Summit» (булутли технологияларни ривожлантиришга бағишланган) саммитлари ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотган.

“Терминал бизнеси, бошқача қилиб айтганда, смартфонлар ва фойдаланувчиларнинг турли мобил қурилмалари бу йил ўз кўринишини кескин ўзгартирди. Илмий лабораторияларимиз ниҳоят жаҳон даражасига чиқди ва ишлаб чиқарилаётган «девайслар» бутун жаҳонда тобора жозибали бўлиб бормоқда. Лионел Месси, Генри Кейвил ва Роберт Левандовский каби юлдузлар Huawei брендининг турли мамлакатлардаги қиёфасига айланишди”, деди у.

 Маълумотларга кўра, булутли технологиялар, кенг полосали технологияларни ривожлантириш, хавфсиз шаҳар лойиҳалари, Ўзбекистонни рақамлаштириш ва маълумотлар марказларини яратиш ғояси компания томонидан фаол тарзда илгари сурилмоқда. Ўзбекистонда ушбу технологиялар ва лойиҳаларнинг ривожланиши «Электрон таълим», «Электрон тижорат», «Электрон соғлиқни сақлаш» ва «Электрон ҳукумат» каби йўналишларни кўтаришга ёрдам беради.