Пан Ги Мун: Мен ҳали БМТни кўп соғинаман

Жаҳон 31 Декабрь 2016 6068
Фото: © AP

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) раҳбари Пан Ги Мун 31 декабрь, шанба куни, икки 5 йиллик муддатдан кейин ўз лавозимини тарк этади. 2017 йилнинг 1 январидан БМТ бош котиби лавозимини португалиялик Антониу Гуттереш эгаллайди. 

2007 йилда Кофи Аннаннинг ўрнини эгаллаб, Жаҳон ташкилотининг бош котиби лавозимига киришишидан аввал Пан Ги Мун Жанубий Корея ТИВ раҳбари бўлган. У вазир лавозимида атиги 2 йил фаолият кўрсатган - 2004 йилнинг январидан то 2006 йилнинг декабргача. 

Унинг БМТ раҳбариятидаги сўнгги 5 йили энг оғир инқирозлардан бирига тўғри келди - Сурия ва Украина. Можароларни ҳал қилишга уринишлар ва қарама-қарши томонларни яраштириш ҳеч қандай натижага олиб келмади. 

Умуман олганда, у тинчликни қўллаб-қувватлаш ва БМТ фаолиятини ташкиллаштириш бўйича бир қатор ислоҳотлар ўтказди. Жаҳон ташкилоти сайтида таъкидланишича, унинг бош котиб лавозимидаги асосий йўналишлари - барқарор ривожланишга кўмаклашиш, аёллар ҳуқуқи ва имкониятларини ошириш, инқироз ва беқарор ҳолатидаги мамлакатларни қўллаб-қувватлаш, қуролсизланиш борасида янги динамикани рағбатлантириш, қурол назорати ва уни тарқатмаслик. 

БМТ Хавфсизлик Кенгашидан миннатдорчилик

Ўз ваколатларини топширишдан аввал БМТ Хавфсизлик Кенгаши Пан Ги Мунга миннатдорчилик билдирди - ташкилот унинг "халқаро тинчлик, хавфсизлик ва ривожланишни  таъминлаш, иқтисодий, ижтимоий, экологик ва маданий соҳалардаги халқаро муаммоларни ҳал қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлари" тан олинган резолюцияни қабул қилди. Шунингдек Пан Ги Муннинг "инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва барча учун асосий эркинликни таъминлаш"да ролига алоҳида урғу берилди. 

Хавфсизлик Кенгаши аъзолари Пан Ги Муннинг икки асосий ютуғига эътибор қаратишди - 2030 йилга қадар барқарор ривожланиш мақсадлари дастури ва Париж иқлим битимининг қабул қилиниши. Буларнинг барчаси "музокарачининг маҳорати ва дипломатнинг узоқни кўра билиши" натижасидир. 

Бундан ташқари, унинг гуманитар ёрдамни етказиш йўлидаги ҳаракатлари алоҳида таъкидланди. 

БМТ фарзанди

БМТ Бош Ассамблеясидаги сўнгги нутқида Пан Ги Мун ўзини "БМТ фарзанди", деб атади. "Корея урушидан кейин БМТ ёрдамида оёққа турганмиз. Биз БМТ дарсликлари бўйича таълим олганмиз. БМТ бизнинг ёлғиз эмаслигимизни кўрсатди. Мен учун ташкилот кучи ҳеч қачон мавҳум тушунча бўлмаган", - деди у.

Пан Ги Мун БМТ ҳақида ёқимли хотираларни сақлаб қолишини айтди. 

"Мен ҳали БМТ ва унинг ташқарисида ажойиб инсонлар билан ишлашни соғинаман. Кўплаб ёқимли хотираларни ўзимда сақлаб қоламан. Бу сизларни қабул қилиш учун сўнгги имконим бўлса-да, барчангизни келажакда шахсан кўришга умид қиламан", - деди Пан Ги Мун жаҳон етакчилари билан бўлган тушликда. 

Тартибга келтирилмаган Сурия

Пан Ги Муннинг қарама-қарши томонларни яраштиришга бўлган уринишларига қарамай, Суриядаги инқироз аввалгидек қолмоқда. Бош котиб шундай вазиятда лавозимини тарк этаётганидан таассуфда эканини билдирди ҳамда Сурияга таъсир ўтказиши мумкин бўлган томонларни "тунги даҳшатга нуқта қўйиш"га чақирди. У Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров ва АҚШ бош котиби Жон Керрининг бу муаммони ҳал қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаб ўтди. 

Бош котибдан Жанубий Корея президентлигигача

Маълумки, Пан Ги Мун 2017 йилнинг январь ойи ўрталарида Нью-Йоркдан Жанубий Кореяга қайтишни режалаштирмоқда. Корея Республикасида келаси йилда муддатидан аввал президентлик сайловлари бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан Пан Ги Муннинг Жанубий Корея президенти бўлиши мумкинлигига доир гап-сўзлар фаоллашмоқда. Унинг ўзи ҳам Жанубий Корея президентлигига номзодини қўйиши мумкинлигига ишора қилди. 

RealMeter агентлиги ўтказаётган ижтимоий фикр сўровномасига кўра, Пан Ги Мун Жанубий Корея мухолифатнинг собиқ етакчиси Мун Чжэ Инани бироз ортда қолдирмоқда. Сўровнома маълумотларига кўра, Пан Ги Муннинг машҳурлиги бир ҳафта ичида 2,8 фоизга етган.

Кўпроқ янгиликлар