Россия янги йилга халқаро аренадаги энг муҳим ўйинчилардан бири сифатида кириб бормоқда, деб ёзади The Guardian.

Аввалроқ, Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсон президент Владимир Путинни “халқаро назардан қолган киши” деб атаган бўлса, АҚШ президенти Барак Обама Москва “Сурия ботқоғига ботиши”ни башорат қилганди. Россия, Эрон ва Туркиянинг Сурияда ўт очишни тўхтатиш режими борасидаги келишуви ушбу тахминлар ўзини оқламагани ва Яқин Шарқда Америка эмас, балки Россия “хўжайинлик” қилаётганини кўрсатди. Бу ҳақда шарҳловчи Патрик Винтур ёзмоқда.

Кўпчилик Суриядаги келишув жуда ҳам нозик экани ва тинч музокараларга олиб келмаслигидан огоҳлантирмоқда, деб таъкидлайди Винтур. Бироқ, Россия ва Туркиянинг тинчликпарвар миссиясида ижобий асос бор. Бу вазиятда тўртта муҳим омил бор: Сурия аҳолиси урушдан чарчагани, ҳарбий мувозанатнинг жиддий ўзгаргани, муҳим ўйинчилар ролининг қайта кўриб чиқилиши ҳамда дипломатик альянсларнинг таркиблари.

Журналистнинг фикрича, ҳарбий мувозанат Ҳалабда жангариларнинг тор-мор қилинишидан сўнг ўзгарди. Дипломатик майдондаги муҳим ўзгаришлар АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг Башар Асадни қўллаб-қувватлашига туртки бериши мумкин. Бундан ташқари, Сурия режимининг энг йирик душмани – Туркия Россия тарафига ўтди, деб ҳисоблайди журналист.

Жангарилар бундай вазиятда ўз кучлари ва Форз кўрфази мамлакатларига таянишлари мумкин. Бу эса Саудия Арабистони Американинг иштирокисиз ҳарбий аралашувга кирмаслиги туфайли катта истиқболдан дарак бермайди.

Россия ўз ўрнида АҚШнинг минтақадаги анъанавий иттифоқдошларидан дипломатик ва иқтисодий мулозаматни қабул қилиб олмоқда – “Роснефть” акцияларига маблағ киритган Қатар. Мамлакат Россия компанияси Америка ва Европа санкциялари остида бўлишига қарамай, унга сармоя йўналтирди.

“Миср ҳам Москва билан ўзаро муносабатларда янги саҳифани очишга тайёр. Шу тариқа, тинчлик йўлида ғов бўлиб турган кўплаб эски тўсиқлар кўз ўнгимизда йўқ бўлиб бормоқда”, - таъкидлайди таҳлилчи.

Бироқ бу Россия анча мураккаблашиб кетган можарога осонгина якун ясаб беради, дегани эмас. Газетанинг тахминича, ҳал қилиниши лозим бўлган кўплаб масалалар бор. Масалан, Туркия ҳамон Сурия президентининг истеъфосини талаб қилмоқда. Бундан ташқари, жангарилардан айнан кимларни музокаралар столига чорлаш масаласи ҳам очиқ турибди. Шунингдек, Эрон билан душманлик муносабатларда бўлган Саудия Арабистонини таклиф этиш ҳам савол остида турибди.

Патрик Винтур воқеалар ривожини шундай тахмин қилди: Москва Туркия президенти Эрдўғанга келишув таклиф қилади – Сурия шимолидаги курдлар федерациясига Ҳалабнинг ҳукумат қўшинлари томонидан эгалланишига жавобан қарши чиқиши мумкин. Курдларнинг ўзи эса музокараларга чақирилмаслиги башорат қилинди. Шундан сўнг улар Барак Обама дунёни ўзгартириш борасида фақат қуруқ гап билан чекланганини тушунишади. Россия бундай ўзгаришлардан кейин пайдо бўлган бўшлиқни эгаллайди.