Блогер: Тошкент-Андижон йўналишидаги поездда ички маданиятга эҳтиёж юқори

Жамият 31 Декабрь 2016 22502
Фото: yashilsharfliqiz.wordpress.com

Ўзбекистон турли соҳалар бўйича катта ютуқларга эришмоқда. Буни амалга оширилаётган ишлардан ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Тошкент-Андижон йўналишида ишга туширилган темир йўл линияси ҳам олиб борилаётган ана шундай ислоҳотларнинг ёрқин намунаси. Жорий йилнинг 17 октябридан бошлаб Тошкентдан Андижонга қўшимча поезд ҳаракатлана бошлади. Бу ҳам аҳолига қўшича қулайлик туғдириш мақсадида амалга оширилди.

Аммо айрим ҳолатлар кишини ташвишга солади. Бундай дейишимизга асос бор. Блогерлардан бири томонидан кўрсатиб ўтилган айрим воқеликлар бугун тилга олаётган мавзуимизни кўтаришга туртки бўлди. Блогернинг айтишича, Тошкентдаги вокзалда 9та чиптахона ишлаётган бўлиб, у ердан чипта олмоқчи бўлганлар сони кўп. Аммо навбатда туриш, тартиб-интизом масаласи кишини ташвишга солади. 

Фото: yashilsharfliqiz.wordpress.com

Бундан ташқари, блогернинг фикр билдиришича, чипталарни электрон тарзда сотиб олиш мумкин, аммо шунда ҳам чиптахона олдига келиб, тартибсиз навбат қаторидан жой олиш керак. Қўшимчасига онлайн харид учун 2 фоиз комиссион тўловни амалга ошириш керак.

Фото: yashilsharfliqiz.wordpress.com

"Поезд ичида хизмат кўрсатиш сифати паст. Борт кузатувчиларининг муомаласи киши кўнглини хира қилади", деб ёзади блогер. “Тушлик тарқатилди, лекин қошиқ-санчқи ва чойни ўзимиз сўраб олдик, шунда ҳам 10 дақиқадан кейин келди”, деб вазиятга ойдинлик киритган у.

Фото: yashilsharfliqiz.wordpress.com

Блогер ўз фикрига хулоса ясар экан, мазкур йўналишда қатновчи поезддаги санитария-гигиена масалалари жойидалиги, пойтахтдан водийга машинада юргандан кўра, шу поездда бориш қулайлиги, бунинг учун тўловларнинг барча шакли қабул қилиниши, бироқ хизмат кўрсатиш сифатининг пастлигини айтиб ўтган.

Фото: yashilsharfliqiz.wordpress.com

Умумий хулоса шуки, биз ривожланмоқчимизми, дунёнинг тараққий этган давлатлари қаторидан ўрин олмоқчимизми, шунга яраша ички маданият, дунёқараш ва кенг фикрлилик талаб этилади.

Таҳририят: Бу вазиятга масъул ташкилот "Ўзтемирйўловчи" АЖ сайт таҳририяти билан боғланилди ва ташкилотдагилар блогернинг даъволари асоссиз эканини билдирди. Хусусан, шикоятдаги онлайн харид учун 2 фоиз комиссион тўлов компания томонидан эмас, воситачи томонидан ечиб олинадиган одатий хизмат ҳақи экани айтилди. Компаниядагилар бу айбловнинг бошқа бир қатор жиҳатларини инкор этиб, 3 январь куни раддия эълон қилади.

Кўпроқ янгиликлар