Калифорнияда истиқомат қилувчи Жи Чан Сон Tesla Motors Inc компаниясини Model X русумли йўлтанламаснинг ўз-ўзидан тезланиш олиши туфайли судга берди. Бу хусусияти туфайли автомобиль соҳиби гаражининг ички деворига бориб урилган. Reuters хабарига кўра, бу ҳодиса вақтида ҳайдовчи ва унинг ёнидаги йўловчи жароҳатланган.

Даъвогарнинг билдиришича, у автомобилини гаражга киритаётганида автомобиль бирдан тезлик олган ва деворга бориб урилган.

У Tesla компаниясини хавфсизлик шароитларига бепарволикда айблаган. Даъвогар қанча миқдорда товон пули ундириш ниятида экани маълум эмас.

Жаноб Сондан бошқа жабрланувчилар ҳам компанияни шу сабаб туфайли судга бериши мумкин. АҚШ Ҳаракат хавфсизлиги миллий бошқармаси (NHTSA) яна 7та шикоятни қайд этган.

Tesla Motors вакиллари эса Сон билан боғлиқ вазиятни ўрганишгани, бу вазиятда у газ педалини босгани аниқланганини айтишган. Reuters мухбири бунга изоҳ сўраб, NHTSA офисига қўнғироқ қилганида, керакли маълумотни ололмаган.

Model X автомобили 2015 йил охирида сотувга чиққанди. Компаниядагилар бу маҳсулотни дунё тарихидаги энг хавфсиз йўлтанламас деб атаган.