Ҳиндистон ва Покистон ҳукуматлари ўртасида 1 январь куни 1988 йилги келишувга мувофиқ ядро объектлари ҳамда воситалари рўйхатларини алмашиш жараёни бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ҳиндистон ТИВ сайти хабар қилган.

"Ҳиндистон ва Покистон Нью-Дели ҳамда Исломободда дипломатик каналлар орқали алоқа боғлаб, бир вақтнинг ўзида ядро объектлари рўйхатини алмашди. Бу жараён ядро объектларига ҳужумлар бўлиш олдини олиш мақсадида тузилган келишув асосида ўтказилди", - дейилган хабарда.

Бу келишув икки қўшни ядровий давлатнинг бир-бирига ҳар йилнинг 1 январь кунида ўз ҳудудларидаги ядровий объектларнинг рўйхатини бу объектларга ҳужумлар бўлмаслигини таъминлаш учун алмашишини назарда тутади. Бу келишув Жанубий Осиёдаги хавфсизликни таъминлаш мақсадида тузилганди. Шундан бери томонлар 26 марта рўйхатларни алмашган.

Маълумот учун, ҳозирги Ҳиндистон ва Покистон 1947 йилда Британия Ҳиндистони парчаланиши ортидан юзага келганди. Бири индуизм динида, иккинчиси ислом динида бўлган бу икки давлат муносабатлари доимо таранг бўлиб қолмоқда: Ҳиндистон ва Покистон ўртасида ўтган вақт ичида 3 марта уруш бўлиб ўтган. 1998 йили расмий Нью-Дели ва Исломобод ядро қуролини синовдан ўтказди ва Жанубий Осиёда ўзига хос кичик "совуқ уруш" бошланди.